14:14 / 09.07.2023
456

Синдирилган гитара учун авиакомпаниядан ғаройиб тарзда ўч олган мусиқачи

Синдирилган гитара учун авиакомпаниядан ғаройиб тарзда ўч олган мусиқачи

Фотоколлаж: Kun.uz

Дунё бўйлаб турли инсонлар самолётларда парвоз қилар экан, ҳар куни кўплаб йўловчиларнинг сумкалари йўқолади ёки адашиб кетади. Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда ҳар йили аэропортларда 20 миллион сумка йўқолади. Улардан қарийб 100 минг донаси умуман топилмайди.

Шунингдек, сумкаларга солинган турли буюмлар самолётларга ортиб, туширишда синади ва яроқсизга айланади. Бундай ҳолларда йўловчиларнинг зарар кўришига асосан аэропортларда сумкаларни ортиш ва тушириш билан шуғулланувчи ходимлар сабаб бўлишади.

Ижтимоий тармоқлар аэропорт хизматчиларининг йўловчилар сумкаларини эҳтиёт қилмасдан улоқтириб юбораётгани тасвирланган видеоларга тўла.

Қанчалик танқид қилинмасин, гапирилмасин дунёнинг аксарият аэропортларида хизматчиларнинг йўловчилар сумкаларига муносабати ўзгармаяпти. Улар сумкаларни ирғитишда ва йўловчиларга зарар етказишда давом этишмоқда.

Бундан бир неча йил олдин канадалик унча таниқли бўлмаган мусиқачи Дэйв Кэрролл билан ҳам шундай ҳодиса юз берган.

2008 йилда аэропорт ходимлари унинг қимматбаҳо гитарасини синдириб қўйишади. Мусиқачи бунда гитарани самолёт салонига олиб киришига рухсат бермаган авикомпания ходимларини айблайди. Бироқ товон пули ундира олмайди. Шунда у авиакомпаниядан ўзгача тарзда ўч олади.

Фото: krskdaily.ru

Ҳодиса тафсилотлари

2008 йил баҳор ойларининг бирида Дейв Кэрролл бошчилигидаги Sons of Maxwell мусиқий гуруҳи АҚШнинг Небраска штатида концерт қўйиш учун таклиф олади.

Жамоа аъзолари United Airlines авиакомпаниясидан чипта олишади ва Канаданинг Янги Шотландия провинциясида жойлашган Галифакс шаҳридан парвоз қилишади.

Парвоз бошланишидан аввал кичик бир кўнгилсиз ҳодиса содир бўлади. Дейв қимматбаҳо гитарасини ўзи билан салонга олиб кирмоқчи бўлганида United Airlines авиакомпанияси ходимлари бўлган борт кузатувчилари бунга рухсат беришмайди.

У авиакомпания ходимларига гитарасини қимматбаҳо бўлиш билан бирга нозиклигини, самолётга ортиб туширишда уни синдириб қўйишлари мумкинлигини айтади. Бироқ улар Дейвнинг сўзларини инобатга олишмайди.

Дейв қанча илтимос қилмасин, авиакомпания ходимлари кўнишмайди. Шундан сўнг мусиқачи ўз гитарасини юкхонага топширишга мажбур бўлади.

Ўшанда Дейв ўтирган самолётнинг парвози Чикагодаги О’Хара аэропортигача бўлиб, мусиқачилар у ердан концерт бўлиб ўтадиган Небраска штатигача United Airlines авиакомпаниясининг бошқа самолётида учишлари белгиланганди.

Дейв ва унинг гуруҳи О’Хара аэропортида бошқа самолётга ўтиришгач, парвоздан олдин уларнинг юкларини навбатдаги самолётга орта бошлашади.

Шу пайтда ташқарига қараган Дейв аэропорт хизматчилари турли юкларни ортиш пайтида уларни эҳтиётсизлик билан улоқтиришаётганини кўриб қолади. Хизматчилар ғилофга ўралган гитарани ҳам улоқтириб юборишади.

Дейв Кэрроллнинг клипидан лавҳа. Орқа фонда аэропорт хизматчилари Дейвнинг гитарасини қандай ирғитаётгани тасвирланган.

Манзилга етиб боришгач Чикаго аэропортида хизматчилар айнан Дейвнинг гитарасини синдириб, яроқсиз қилиб қўйишгани маълум бўлади.

Дейвнинг гитараси мусиқий асбоблар ишлаб чиқарувчи машҳур Taylor компаниясида тайёрланган бўлиб, унинг нархи 3,5-4 минг доллар атрофида нархланарди.

Авиакомпания билан беҳуда можаро

Шундан сўнг Дейв гитарасининг синдирилишига Чикаго аэропорти хизматчилари эмас, балки уни самолёт салонига олиб чиқишига рухсат бермаган United Airlines авиакомпанияси айбдор деб билади.

Дейв авиакомпания ходимларидан синдирилган гитаранинг пулини тўлашларини талаб қилади. Бироқ авиакомпания шикоят ҳодиса содир бўлгандан бир сутка ўтмасдан берилиши лозимлигини айтиб, мусиқачига рад жавобини беради.

Кейинчалик Дейв ўшанда синган гитарасининг пулини ундириш мақсадида авиакомпания билан тўққиз ой давомида талашганини, охир-оқибат бир цент ҳам ололмаганини айтган эди.

Бу орада АҚШдаги оммабоп телеканаллардан бири бўлган Fox News мухбирлари ҳодисадан хабар топишади ва Дейвдан интервью олишади.

Мухбирлар ундан нега қимматбаҳо буюмни ўзи билан бирга олмай юкхонага топширгани ҳақида сўрашганда Дейв авиакомпания ходимлари гитарани самолёт салонига олиб чиқишга рухсат бермай, унинг синишига сабабчи бўлишганини айтиб беради.

Интервью кўрсатилгандан кейин ҳам United Airlines авиакомпанияси ҳодисага нисбатан ўз муносабатини ўзгартирмайди ва Дейвга синган гитара пулини тўлаб бермайди.

Аэропортлардан бирида турган United Airlines авиакомпанияси самолётлари
Фото: alamy.com

Ўшанда Дейв истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари юксак даражада таъминланган Америкада ўз ҳақини сўраб судга мурожаат қилса ҳам бўларди. Бироқ мусиқачи авиакомпаниядан ўч олиш учун бошқача йўлни танлайди.

Авиакомпанияга қарши қўшиқ ва машҳурлик

Орадан қарийб бир йил ўтгач гитара учун пул ундиришдан умидини узган Дейв авиакомпаниядан ўзгача тарзда ўч олишни режа қилади.

У ўз гитараси билан содир бўлган ҳодиса ҳақида қўшиқ ёзади. Қўшиқнинг номи «United гитара синдиради» (United Breaks Guitars) деб номланади.

Қўшиқнинг нақорати «Мен манзилга бошқа авиакомпанияда ёки машинада етиб оламан, чунки United гитара синдиради» деган сўзлардан иборат эди.

Кўп ўтмай қўшиққа клип олинади ва 2009 йил 6 июл куни у Youtube тармоғига юкланади.

Дейвнинг қўшиғи бир кунда 160 минг марта томоша қилинади. Уч кунда эса ярим миллион, бир ойда эса беш миллион марта томоша қилинади.

Айни пайтда бундан қарийб 14 йил олдин тармоққа юкланган «United гитара синдиради» қўшиғи ютубда 22 миллион марта томоша қилинган.

Дейв Кэрроллнинг қўшиғига ишланган баннер

Авиакомпаниянинг клипга муносабати ва рад этилган товон пули

Эркин бозор тизимида ишлайдиган АҚШда исталган компанияга қарши қилинган арзимаган иш ҳам жиддий кўнгилсизлик олиб келиши мумкин. Дейвнинг Youtube тармоғига юкланган қўшиғи ортидан United Airlines билан ҳам шундай кўнгилсизлик юз беради.

Ўша пайтда Дейвни ҳеч ким танимас, у оддий бир қўшиқчи эди. Бироқ унинг United Airlines’ни танқид қилиб айтган қўшиғи Youtube платформасида машҳур бўлар экан, бу авиакомпания учун яхшилик аломати эмасди.

Клип миллионлаб инсонлар томонидан томоша қилинар экан, унинг остида изоҳ қолдирган одамлар авиакомпанияларнинг юкларни эҳтиёт қилмаслигини танқид қилиб, Дейвни қўллаб-қувватлашади.

Дейвнинг клипи оммалашгач United Airlines авиакомпаниясининг акциялари бирданига 10 фоизга арзонлайди. Оқибатда компания арзимаган 3,5-4 минг долларлик гитарани деб 180 миллион доллар маблағ йўқотади.

Шундан сўнг авиакомпания масъуллари Дейв билан алоқага чиқиб синган гитара ўрнига ундан ҳам яхшисини олиб беришини, қўшимчасига катта миқдорда пул беришларини айтишади. Бу учун Дейв клипини ютубдан ўчириши ва қўшиқни ҳеч қаерда ижро этмаслиги керак эди. Дейв бу таклифни рад этади.

Дейв Кэрроллнинг клипидан лавҳа
Фото: www.adrants.com

Шундан сўнг Дейв билан содир бўлган ҳодиса ҳақида хабар топган Taylor компанияси унга иккита қимматбаҳо гитара совға қилади.

Кўп ўтмай авиакомпания акцияларининг нархи ўрнига келади. United Airlines йўқотган маблағ ҳам қайтади. Бироқ ўша ҳодисадан 14 йил ўтган бўлса-да Дейвнинг қўшиғи United Airlines авиакомпанияси учун доғ бўлиб турибди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Синдирилган гитара учун авиакомпаниядан ғаройиб тарзда ўч олган мусиқачи
ePN