16:07 / 12.07.2023
224

Оқ уйдагилар Украинага ATACMS ракеталарини беришни муҳокама қиляпти

Фото: U.S. Army

АҚШ президенти маъмуриятида тахминан 300 километр масофага учадиган ATACMS ракеталарини Украинага етказиб бериш эҳтимоли бўйича оммавий муҳокамалар олиб борилмоқда, деб хабар берди The New York Times икки америкалик ва бир европалик амалдорга таяниб.

Нашр суҳбатдошларининг айтишича, гап ҳозир захирада мавжуд бўлган бир нечта “ер-ер” синфидаги бошқариладиган ракеталарни етказиб бериш ҳақида кетмоқда.

АҚШ Украинага узоқ масофали ракеталарни топширишда иккиланяпти, чунки ATACMS арсеналининг ҳажми нисбатан кичик бўлиб, мавжуд ракеталар аллақачон бошқа ҳудудларда, жумладан, Корея яриморолида жойлаштирилган. Бундан ташқари, Пентагоннинг фикрича, ҳозирги босқичда Украина узоқ масофали ракеталарга муҳтож эмас, деб тушунтирди NYT.

Ўз навбатида, Lockheed Маrtin компанияси вакили 1980 йилларда ракетани ишлаб чиқиш бошланганидан бери ATACMS атиги тўрт минг нусхада ишлаб чиқарилганини айтди.

Муҳокамалар Франциянинг камида 250 километр масофага уча оладиган SCALP (Storm Shadow) ракеталарини Украинага бериш тўғрисидаги қарори фонида ўтказилмоқда.

The New York Times газетасига кўра, энди АҚШ иттифоқчиларидан ўрнак олиши ва ATACMS’ни топшириши мумкин ёки аксинча, бу ғоядан воз кечади, чунки Киев аллақачон Буюк Британия ва Франциядан бир қатор узоқ масофали ракеталарни олган.

Киев Вашингтондан ATACMS ракеталарини бир неча бор сўраган ва Украина улардан Россия ҳудудидаги нишонларга зарба беришда фойдаланмаслигига ишонтирган.

Май ойида Буюк Британия Украинага 250 километрдан ортиқ масофага учадиган Storm Shadow қанотли ракеталарини юборди, Франция эса НАТОнинг Вилнюсдаги саммитида худди шундай SCALP ҳаводан учириладиган ракеталарни етказиб беришини билдирди. Reuters манбаларига кўра, Франция ваъда қилган ракеталарнинг бир қисми аллақачон Украинада.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Оқ уйдагилар Украинага ATACMS ракеталарини беришни муҳокама қиляпти
ePN