15:13 / 13.07.2023
284

Балх ҳокими Ўзбекистондан Афғонистон фуқароларига виза беришни осонлаштиришни сўради

Фото: Balkh Media and information center

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Мозори Шарифга ташрифи чоғида Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Юсуф Вафо билан учрашди. Бу ҳақда “Дарё”нинг Афғонистондаги мухбири хабар берди.

Балх ҳокимлиги матбуот хизмати хабарномасида айтилишича, учрашувда Исматулла Эргашев ва Муҳаммад Юсуф Вафо икки давлат ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт ва транзит муаммоларини ҳал этиш масалаларини муҳокама қилган.

Эргашев ўзбекистонлик расмийлар савдо ва транспорт соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш учун “Толибон” ҳукумати билан учрашмоқчилигини айтган.

Ўз навбатида Балх ҳокими “Толибон” етакчисининг буйруғи асосида қўшни давлатлар билан савдо муаммоларини ҳал қилиш учун қўмита тузилганини маълум қилган ва Ўзбекистондан Афғонистон фуқароларига виза беришни осонлаштиришни сўраган.

Аввалроқ “Толибон” ҳаракатининг Чегара ва қабила ишлари вазирлиги Ўзбекистон чегарачилари билан учрашган эди.

“Толибон” расмийлари ўзбек ҳамкасблари билан чегара ҳудудлари аҳолиси дуч келаётган муаммоларни муҳокама қилган. Айни вақтда Афғонистоннинг амалдаги расмий вакиллари террорчи гуруҳларнинг Ўзбекистонга қарши Афғонистон тупроғидан фойдаланишига йўл қўймасликка ваъда берган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Балх ҳокими Ўзбекистондан Афғонистон фуқароларига виза беришни осонлаштиришни сўради
ePN