
Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси аскарларни ёллаш бўйича ҳудудий марказларининг ишини номаълум муддатга тўхтатди. Гуруҳнинг ишга олиш ҳақидаги эълонларни жойлайдиган Telegram каналида айтилишича, “катта кадрлар захираси мавжудлиги сабаб” янгиларни ёллашга шошилинч эҳтиёж йўқ.
Гуруҳга алоқадор Грэй Зоне Telegram каналида “Вагнер” асосчиси Евгений Пригожиннинг изоҳи ҳам чоп этилди. Унинг таъкидлашича, “ёллаш марказларининг қайта очилиши вақти номаълум”.
Пригожиннинг сўзларига кўра, ҳозирда гуруҳ ўз фаолиятини фақат Африкада ва Беларусдаги ўқув марказларида давом эттирмоқда.
“Вагнерчи”ларнинг қуролли исёнидан сўнг, ҳарбий компания асосчиси Евгений Пригожин Россия ва Беларусь ҳукумати билан Беларусга “кетиши” ҳақида келишиб олганди. Ёлланма аскарларга эса уйга қайтиш, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш ёки Пригожинга эргашиш таклиф қилинди.
14 июль куни Беларусь Мудофаа вазирлиги “Вагнер” ёлланма аскарлари мамлакатга келганини хабар қилди. Унга кўра, Могилев вилоятида, Осиповичи шаҳри яқинида мамлакат ҳудудий мудофаасига ҳарбий хизматга чақирилганлар учун “ўқув майдонлари” яратилган, у ерда “Вагнер” ёлланма аскарлари инструктор сифатида ишламоқда. Қайд этилишича, Беларусга жами 10 000 га яқин ёлланма аскар келиши режалаштирилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!