date
views 474

Россияда ИИВ тузилмаларидан 5000 ходим ишдан бўшаб кетди

Фото: Россияда ИИВ
Июл ойида 5 минг ходим Россия ИИВ тузилмаларини тарк этди, деди Владимир Колоколцев. Россия ички ишлар вазири кадрлар сезиларли даражада етишмаётганини таъкидлади.

Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцев унинг идорасида ходимларнинг кескин танқислиги кузатилаётганини айтди. «Кадрлар тақчиллиги жуда катта. Айтишим керакки, бу кескин тус олди. Охирги бир ой ичида беш минг ходим ички ишлар органларини тарк этди. Бу қийин вазият», - деди у 10 август, пайшанба куни Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органлари янги раҳбарларини таништириш маросимида.

Колоколцев Севастопол ва Магадан вилоятида ходимларнинг сезиларли даражада камлиги шароитида «катта юклама» борлигини таъкидлади ва маҳаллий ички ишлар органларини «буни минималлаштириш учун ҳамма нарсани қилишга» чақирди.

Вазир худди шу муаммо ҳақида Украина уруши олдидан ҳам гапирган

Колоколцев илгари ҳам ходимлар етишмаётгани ҳақида маълум қилган, аммо вазиятни кескин деб атамаганди. Унинг сўзларига кўра, Россия Ички ишлар вазирлигининг асосий бўлинмаларида фақат 2021 йилда ишдан бўшаган терговчилар сони учдан бир қисмга кўпайган.

«Энг жиддий муаммо – етишмовчилик. Хусусан, 2021 йилда ички ишлар органларидан кетган терговчилар сони 2020 йилга нисбатан 34 фоизга ошган. Кадрлар етишмовчилиги масаласи пост-патрул хизмати, жиноят қидирув бўлими, гиёҳвандлик воситалари устидан назорат ва иқтисодий хавфсизлик бўлинмалари учун ҳам долзарбдир. Яъни, барча муҳим соҳаларда», — дея маълум қилган Колоколцев 2022 йил феврал ойи ўрталарида, Украина уруши бошланишидан бир неча кун олдин.

Россия ички ишлар вазири ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам ходимлар оммавий ишдан бўшаб кетишининг асосий сабабларини эълон қилмади.

Россия ҳукумати ИИВ ходимлари сонини бир миллионга етказмоқчи

Россия президенти Владимир Путиннинг 2022 йил декабрдаги фармонига мувофиқ, Россияда Ички ишлар вазирлиги ходимларининг сони 2023 йилда 922 минг киши бўлиши керак. 2024 йилда уни 12 минг нафарга, 2025 йилда эса 938 минг нафарга ошириш режалаштирилган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда ИИВ тузилмаларидан 5000 ходим ишдан бўшаб кетди