
Россия таркибига кирувчи Коми республикасининг собиқ қишлоқ хўжалиги ва истеъмол бозори вазири Денис Шаронов 2022 йил октябрь ойида ҳарбий хизматга чақирув қоғозини олгач, АҚШга жўнаб кетган ва у ердан сиёсий бошпана сўраган. Бу ҳақда 15 август, сешанба куни RTVI янгиликлар сайти хабар берди, журналистлар YouTube каналига жойланган “Янги америкаликлар” видеосидан собиқ сиёсатчини таниб қолиб, у билан суҳбатлашган.
“Россияда вазир бўлган одам АҚШда юк машинаси ҳайдовчисига айланди” сарлавҳали видеода собиқ вазирнинг исми айтилмаган, бироқ журналистлар юзни таниш сервисларидан фойдаланган ҳолда видеодаги одам Шаронов эканини аниқлаган. Собиқ амалдор кейинроқ RTVI телеканалига видеода ҳақиқатан ҳам ўзи эканини тасдиқлади.
Шаронов Россияда икки марта жиноий жавобгарликка тортилганини, бироқ икки сафар ҳам суд томонидан оқланиб, реабилитация қилинганини айтди. Собиқ вазирнинг сўзларига кўра, у 2022 йилнинг январида Коми раҳбари Владимир Уйба билан узоқ давом этган можаро туфайли республика қишлоқ хўжалиги вазири лавозимидан озод этилган. Шаронов кузда армияга чақирув олганини ўша можаро билан боғлади.
АҚШга эмиграция ва юк машинасини ҳайдаш
Ҳозир собиқ вазир АҚШда юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаяпти ва ҳукуматдан сиёсий бошпана сўрамоқда.