
Миллиардер Алишер Усмонов ўзининг гўё «олигарх» эканлиги ҳақидаги ҳар қандай даъволарни «қатъий рад этади». Бу ҳақда бизнесмен адвокатига таяниб Forbes хабар берди.
Адвокат Йоаҳим Николаус Штайнҳофел Усмоновнинг Ҳамбург судида Австриянинг Kurier газетаси устидан қозонилган ғалабасини шундай изоҳлади. Нашр ўз мақоласида тадбиркор Владимир Путиннинг «севимли олигархи» обрўсига эга эканини ёзган эди.
«У [Усмонов] Россия президентининг «севимли олигархи» деб аталган. Бунинг «далили» бу даъвони билдирадиган битта «твит»дир. Бу бемаънилик ва конституциявий давлатга лойиқ эмас», деди Штайнҳофел.
Twitter (ҳозир Х деб аталади) Россияда блокланган. Худди шу асосда Усмонов ҳам «олигарх» деб номланган. Европа Иттифоқи миллиардерга нисбатан санкциялар қўллади, Ҳамбург суди қарори бу чекловларнинг асоссизлигини яна бир бор таъкидлайди, деб ҳисобламоқда адвокат.
Аввалроқ, Усмонов Ҳамбург судида Kurier газетаси устидан ғалаба қозонди. Суд газетанинг Усмонов «Путиннинг севимли олигархи сифатида обрўга эга» ва «Путиннинг ўзи уни шундай деб билиши» ҳақидаги даъволарини асоссиз деб топди. Суд қарорига кўра, Усмоновнинг Европа Иттифоқи санкцияларига келтирилган асослардан бирида «Путиннинг севимли олигархларидан бири» сифатида қайд этилгани бундай даъвони асослаш учун етарли эмас. Суд Усмоновга нисбатан бундай ибораларни қўллаш - унинг ҳуқуқларини бузади, деб ҳисоблади.
Алишер Усмонов Европа Иттифоқи санкцияларига 2022 йил февралида, Россия томонидан Украина босқини бошланганидан кейин тушган эди. ЕИ уларга изоҳ бериб, уни «Россия президенти Владимир Путин билан айниқса яқин алоқага эга олигарх» деб атаган. Усмонов буни рад этмоқда. У Европа умумий юрисдикция судида санкцияларнинг бекор қилинишига эришмоқчи. Миллиардер Россиянинг энг бой бизнесменлари рўйхатида саккизинчи ўринни эгаллайди, унинг бойлиги 14,4 миллиард долларга баҳоланади.
Санкциялар Усмоновнинг обрўсига катта зарар етказди, бу ҳақда унинг ўзи Corriere Della Sera газетасига берган интервьюсида айтди. Италиянинг Сардиния оролидаги мол-мулкининг музлатиб қўйилиши уни хафа қилди: «Дўстлар ўзини бундай тутмайди. Лекин мен сиёсат нима эканини тушунаман», деди Усмонов.
Россия раҳбариятининг Украинадаги урушни бошлаш ҳақидаги қарори тўғрими ёки йўқми, деган саволга Усмонов «сиёсатдан узоқ юришини» ва бўлинишдан кўра одамлар бирлашиши мумкин бўлган соҳаларни афзал кўришини айтди. Сўнгра тадбиркор барча жанговар ҳаракатлар қурбонларига ҳамдард эканини билдирди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!