Британия ҳукумати Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев оиласининг оффшор компанияларда рўйхатдан ўтган, Лондондаги 40,3 млн фунт стерлингга (тахминан 50 млн доллар) тенг мулки ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди. Бу ҳақда Times хабар берди.
Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Буюк Британия расмийлари томонидан жорий қилинган янги қоидаларга кўра, мамлакатда мулкка эга бўлган хорижий компаниялар асл мулкдорни эълон этиши керак. Бу Буюк Британияда оффшорлар орқали ҳашаматли қасрларга эга бўлганлар ҳақидаги маълумотларни ошкор этиш мақсадида қилинган. Илгари бу маълумотлар махфий ҳисобланган.
Британия ҳукумати реестрига кўра, Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дарига Лондон шимолида 9,3 млн фунтлик уйга ва Челсида 31 млн фунтлик иккита квартирага эга. Мулклар Панамадаги Tropicana Assets Foundation ва Villa Magna Foundation компанияларига расмийлаштирилган.
Шунингдек, таъкидланишича, Назарбоевнинг куёви Тимур Қулибоев 2007 йилда шаҳзода Эндрюдан мулкни оффшор компанияси орқали 15 млн фунт стерлингга сотиб олган. Қулибаев, шунингдек, Ҳайд-парк яқинидаги 1,5 млн фунт стерлинг қийматли кўчмас мулкка ҳам эга.
2020 йилда Қозоғистон собиқ президенти оиласининг Испания, Франция, Швейцария, АҚШ, Чехия ва Буюк Британияда умумий қиймати камида 785 млн доллар бўлган уйлари ва қасрлари борлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Журналистлар 6 та давлатда Нурсултон Назарбоевга алоқадор шахсларга тегишли бўлган 16 та участкани тилга олдилар: акаси Болат Назарбоев, унинг рафиқаси Майра Қурмангалиева, куёви Тимур Қулибоев, набирасининг қайнонаси ва қайнотаси.
Икки йил ўтиб, Назарбоевлар оиласи Зайлий Олатови этагида 135 гектар майдонда сарой ва коттежларга эга эканлиги ҳақидаги суриштирув эълон қилинди. Қайд қилинишича, Олмаотадаги Биринчи Президент боғи тепасида собиқ президентнинг ўзи, уч қизи ва жияни Қайрат Сотиболдининг қаср ва саройлари қурилган. Шу йили журналистлар Олмаота яқинидаги тоғларда Назарбоевлар уруғига тегишли яна 10 минг гектар ерни, шунингдек, Остонада саройлар ва гольф клубини топдилар.
2022 йил январида OCCRP Нурсултон Назарбоев фақат ўзига бўйсунувчи нотижорат ташкилотлар орқали 7,8 млрд долларлик активларни тасарруф этиши ҳақида суриштирув натижаларини эълон қилди. Журналистлар Қозоғистоннинг биринчи президенти давлатни тўртта хусусий хайрия жамғармаси: Назарбоев фонди, Нурсултон Назарбоев жамғармаси, Демеу жамғармаси ва Элбаси жамғармаси орқали назорат қилишини аниқлади. Шунингдек, сиёсатчи икки банкда, мобил алоқа компаниясида улушга ва ҳашаматли Airbus ACJ320Neo самолётига эгалиги қайд этилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!