date
views 108

Швецияда жосусликда гумон қилинган россиялик устидан суд бошланди

Швецияда жосусликда гумон қилинган россиялик устидан суд бошланди
Фото: JONASD EKSTROMER / AFP

Стокҳолмда Швеция ва АҚШга қарши «кенг миқёсдаги ноқонуний разведка фаолияти»да айбланаётган Швеция фуқароси Сергей Скворцов устидан суд бошланди. Суднинг биринчи мажлиси 4 сентябр, душанба куни бўлиб ўтди.

60 ёшли Скворцов ғарб технологияларини Россия армиясига беришда айбланмоқда. Биринчи суд мажлисида сўзга чиққан прокурор Ҳенрик Олин айбланувчини «сотиб олиш бўйича агент» деб атади. Скворцов тўрт йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин, унинг адвокати мижознинг айбини рад этди.

Скворцов ва унинг рафиқаси 2022 йилнинг ноябрида Стокҳолм чеккасида қўлга олинган. Эркак ушланганидан бери ҳибсда, унинг рафиқаси эса терговдан сўнг ҳеч қандай айбловсиз қўйиб юборилган.

Швеция прокуратураси Скворцовни нимада айбламоқда?

Швеция прокуратурасига кўра, Скворцов 2014 йил 1 июлдан 2022 йил ноябригача «махфий ва фирибгарлик воситаларидан фойдаланган ҳолда Россия давлати манфаатлари йўлида маълумот олиш мақсадида фаолият олиб борган, бу хорижий куч Швеция учун хавф яратиши мумкин бўлган».

Скворцов ўзининг импорт-экспорт бизнесидан ноқонуний равишда маълумот олиш ва «ГРУ»га топшириш учун фойдаланган. Шунингдек, у «Россия давлати ва ҳарбийлари учун санкциялар туфайли очиқ бозорда олиш имкони бўлмаган турли буюмлар»ни қандай олиш мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни тўплаган. Сергей Скворцов Швецияда 25 йилдан бери яшаб келган. 2012 йилда у Швеция фуқаролигини олди.

Суд мажлиси 25 сентябрга белгиланган. Миллий хавфсизлик мақсадида жараённинг бир қисми ёпиқ эшиклар ортида ўтади. Гувоҳлар орасида, жумладан, Америка ФҚБ агенти, шунингдек, Швеция разведка хизматлари вакиллари ҳам бўлади. Далиллардан бири эса - Россия Мудофаа вазирлигининг Скворцовга юборган электрон мактублари, деб таъкидлайди AFP агентлиги.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Швецияда жосусликда гумон қилинган россиялик устидан суд бошланди