date
views 337

Фукуяма: Россия-Украина урушининг натижаси бутун дунёга таъсир қилади

Фукуяма: Россия-Украина урушининг натижаси бутун дунёга таъсир қилади

Фото: AFP 2023 / Boris Horvat

Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши натижалари нафақат қўшни давлатлар ва минтақа, балки бутун дунё учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Бу ҳақда Стэнфорд университети катта илмий ходими Фрэнсис Фукуяма 10 сентябр куни Ялта Европа стратегиясининг (YES) якшанба куни бўлиб ўтган йиллик йиғилишида маълум қилди.

«Ушбу уруш натижасига қараб, бошқа мамлакатларда кўп нарса ўзгариши мумкин. Гуржистон, Молдова ва Қозоғистон - агар Россия ғалаба қозонса, қатъий тура олса ва эгалланган Украина ҳудудларини қўлида сақлаб қола олса, бу ушбу давлатларнинг ҳар бирига дарҳол таъсир қилади», деди Фукуяма. Уруш оқибатлари Жануби-Шарқий Осиёга ҳам таъсир қилади, деди у.

«Яқин вақтгача минтақада деярли ҳеч ким Хитой Тайванга қарши зўравонлик билан ҳаракат қилишига ва бу мамлакатнинг демократик йўл билан сайланган ҳукуматини ағдариб ташлашга қарор қилади, деган фикрни қабул қилмаган», деб тушунтирди Фукуяма.

Худди шундай, уруш натижаси Қўшма Штатлардаги ички сиёсий вазиятга таъсир қилади, бу ерда ўнг қанот сиёсий кучлар вакиллари кўпроқ авторитар моделга ёки «кучли қўл» деб аталадиган позицияга мойил бўлиб, ўз етакчисини Путин каби бўлишини афзал кўради, деб давом этди тадқиқотчи.

«Европа аксирганда, бутун дунёнинг бурни оқади»

Халқаро инқироз гуруҳи президенти ва бош директори Комфорт Эро Фукуяманинг фикрига қўшилиб, уруш натижаси, шу жумладан Африка учун ҳам ҳал қилувчи бўлишини қўшимча қилди.

«Мен Ғарбий Африкадаги энг катта давлат бўлган Нигерияданман. Бизда Нигерия аксирганда бутун Ғарбий Африканинг бурни оқади, дейишади. Худди шу нарсани Украина ва унинг Европа хавфсизлик архитектурасига таъсири ҳақида ҳам айтиш мумкин. Бу уруш охир-оқибат нафақат Европа, балки бутун дунё учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлади, чунки Европа аксирганда, бутун дунёнинг бурни оқади», — дея хулоса қилди Эро.

Фрэнсис Фукуяма «Тарихнинг охири ва сўнгги одам» китоби муаллифи сифатида танилган, унда у либерал демократия дунёда сиёсий режим эволюциясининг якуний шакли бўлишини тахмин қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фукуяма: Россия-Украина урушининг натижаси бутун дунёга таъсир қилади