date
views 304

Ким Чен Ин Россия билан бирга “империализмга қарши” курашишини айтди (видео)

Видеодан кадр

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Владимир Путин билан музокаралар чоғида “империализмга қарши курашда” Россияни қўллаб-қувватлашини билдирди. У КХДР Путин ва унинг ҳукумати қарорларини доим қўллаб-қувватлаб келганига ишонтирди.

Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, Россия ҳозир “миллий суверенитети ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун отланган”.

 “Биз муносабатларни янада ривожлантиришни истаймиз, биз ҳар доим Путиннинг қарорларини, шунингдек, Россия ҳукумати қарорларини қўллаб-қувватлаганмиз. Умид қиламанки, империализмга қарши курашда ва суверен давлат қуришда доим бирга бўламиз”, — деди КХДР раҳбари.

КХДР етакчиси кеча, 12 сентябрь куни Россияга келди. Бугунги учрашув “Восточний” космодромида бўлиб ўтди. Суҳбатдан олдин улар “Ангара” ракетасини йиғиш жараёни билан танишди.

Учрашув бошида икки соатлик музокаралар ўтказилди, сўнг Шимолий Кореядан келган меҳмонлар шарафига зиёфат тушлиги бошланди. Жами тўрт соатлик мулоқотдан сўнг Путин ва Кимнинг учрашуви якунланди. КХДР раҳбари “Восточний” космодромини тарк этди.

Бу Ким Чен Иннинг коронавирус пандемиясидан кейин Шимолий Кореядан ташқарига оммага маълум биринчи сафаридир. Россияга эса КХДР раҳбари аввал ҳам — 2019 йилда ташриф буюрганди.

Ғарб матбуоти хабарига кўра, Ким ва Путиннинг музокара мавзуларидан бири — КХДРдан Россияга қурол етказиб бериш бўлиши мумкин. Ғарб разведка хизматларига кўра, Россия ва Шимолий Корея Россия армияси Украинадаги урушда қўллаши мумкин бўлган қурол-яроғларни етказиб бериш бўйича фаол музокаралар олиб бормоқда. Июль ойида Шойгу КХДРга расмий ташриф билан борди. АҚШ разведкаси ушбу сафарни музокараларга тайёргарлик сифатида баҳолади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ким Чен Ин Россия билан бирга “империализмга қарши” курашишини айтди (видео)