100 ёшдан ошган Япония аҳолиси сони 92 мингдан ортди, бу мамлакатнинг сўнгги 53 йилдаги рекорди ҳисобланади. Бу ҳақда Япония Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазирлигига таяниб ТАСС хабар берди.
15 сентябр ҳолатига кўра, мамлакатда 100 ёшдан ошган фуқаролар сони 92139 нафарни ташкил қилган. Японияда бир асрни кўрган фуқаролар сони 50 йилдан бери ўсиб бормоқда. Бу йил ушбу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан деярли 1500 кишига кўп.
100 ёшдан ошганлар умумий сонининг 88,5 фоизини аёллар ташкил этади - 81,5 мингдан ортиқ. Эркаклар сони 10,5 мингдан ортиқ.
Вазирлик маълумотларига кўра, бу йил 100 ёшини Япониянинг 47107 фуқароси нишонлайди. Уларга ҳукумат томонидан табрик хатлари ва эсдалик совғалари топширилади.
Япониядаги энг кекса аёл - 116 ёшли осакалик Фуса Тацуми, энг кекса эркак - тибалик 111 ёшли Гисабуро Сонобе. Мамлакатда ҳар 100 минг кишига 100 ёшдан ошган ўртача 73 киши тўғри келади — Япония юз ёшлилар сони бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!