Тоғли Қорабоғда Россия тинчликпарвар кучлари ҳарбийлари ҳалок бўлди. Бу ҳақда 20 сентябр куни РФ мудофаа вазирлиги хабар берди. Ҳарбийлар «Жаянтоғ қишлоғи ҳудудидаги Россия тинчликпарвар контингенти кузатув постидан қайтаётганида» ўққа тутилган. Вазирлик баёнотида айтилишича, россиялик ҳарбийлар бўлган автомобил ўқотар қуролдан ўққа тутилган. Мудофаа вазирлиги қанча одам ҳалок бўлганига аниқлик киритмаган. RT бош муҳаррири Маргарита Симонян кейинроқ манбага таянган ҳолда қурбонлар сони беш нафар экани ҳақида ёзди.
Ҳалок бўлганлардан бири — тинчликпарвар контингент қўмондони ўринбосари Иван Ковган бўлган, деб хабар берди 21 сентябр куни «СеверПост» нашри ва Санкт-Петербург сувости кемалари ва денгиз флоти фахрийлари клуби хабар берган. 1-рангдаги капитан Ковган Шимолий флот сувости кучлари қўмондонининг ҳарбий-сиёсий ишлар бўйича ўринбосари ҳам ҳисобланган. Уни бир неча ой муқаддам Қорабоғга командировкага юборишганди. У 53 ёшга тўлишига икки кун қолганида ҳалок бўлган. Екатеринбургнинг Ura.ru нашри хабар беришича, қурбонлардан яна бири Марказий ҳарбий окргу полковниги Тагир-Мурод Караев бўлган. «У янги сменадагилар билан постдаги одамларни алмаштириш учун йўл олганди. Уларнинг машинаси ўққа тутилган. Барчани ўлдиришган», — дея тасдиқлаган нашр манбаси.
Озарбойжон тинчликпарвар кучлар ҳарбийлари ўлими учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Озарбойжон мудофаа вазирлиги ҳодиса муносабати билан «чуқур ҳамдардлик билдирган». 21 сентябр куни Кремл президент Илҳом Алиев Владимир Путин билан мулоқотда узр сўрагани ҳақида хабар берди. Кремл сайти хабарига кўра, Алиев қурбонларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатишга ҳам тайёрлигини билдирган. Хабарда қайд этилишича, икки мамлакат Бош прокуратураси «яқин алоқада» бўлиб турибди. Озарбойжон президентлар мулоқоти ҳақида расман хабар бермаган. Кремл сайтида Путин Алиевнинг узрига қандай муносабатда бўлгани ҳам кўрсатилмаган.
Россиялик ҳарбийлар ўлимида гумон қилинган дастлабки шахслар аллақачон қўлга олинди, деб хабар берган Россиянинг ТАСС, РИА Новости ва «Интерфакс» агентликлари «Россия куч ишлатар идораларидаги манбалар»га таянган ҳолда. Бу агентликларнинг янгиликлар ленталарида тегишли хабарлар бир вақтда ва бир хил иқтибослар билан пайдо бўлган. Агентлик суҳбатдошларига кўра, Озарбойжон қуролли кучларининг тинчликпарвар кучлар ҳарбийлари ўлимида айбдор бўлган ҳарбийлари мансуб бўлган корпуси қўмондони лавозимдан четлатилган.
РФ ТИВ расмийси Мария Захарова ҳалок бўлган ҳарбийлар «доимгидек, минтақада тинчлик ўрнатилиши учун зарбани ўзига қабул қилгани»ни таъкидлаган. «Уларнинг фаолиятини шубҳа остига қўйишга уринган виждонсизларнинг қора нонкўрлиги уларнинг жасоратига соя сола олмайди, лекин туҳматчилар абадий шарманда бўлиб қолади», — дея ёзган у телеграм каналида. Шу билан бирга, Захарова тинчликпарвар кучлар ҳалокати муносабати билан ёзган постининг катта қисмини Арманистон раҳбариятини танқид қилишга бағишлаб, амалда бош вазир Никол Пашинянни ЕИ босими остида Тоғли Қорабоғ манфаатларига хиёнат қилишда айблаган. У Озарбойжоннинг Россия тинчликпарвар кучлар ҳарбийлари ҳалокатидаги роли ҳақида ҳеч нарса демаган.
Бу ушбу минтақада озарбойжонлик ҳарбийларнинг ҳаракатлари туфайли россиялик тинчликпарвар кучлар ҳалок бўлиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас. 2020 йил ноябрида, Қорабоғдаги олдинги кескинлик вақтида автоколоннани кузатиб келаётган Ми-24 вертолёти уриб туширилганди — бу Арманистоннинг халқаро тан олинган ҳудудида рўй берганди. Натижада икки ҳарбий хизматчи ҳалок бўлиб, яна бири яраланганди. Расмий Боку ҳодиса учун жавобгарликни зиммасига олган, узр сўраган ва товон тўлашни ваъда қилганди; мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари ишга совуққонлик билан қараганлик юзасидан иш очган (ишнинг кейинги ривожи бўйича расмий хабар берилмаган). РФ президенти Владимир Путин ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларни Жасорат орденлари билан мукофотлаганди.
Озарбойжон Қорабоғни 19 сентябр куни кундузи ўққа тута бошлаганди. Бокудагилар буни «локал характердаги аксилтеррор тадбирлар» деб атаган. Бир кун ўтиб Озарбойжон ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди; унга кўра, Тоғли Қорабоғ республикаси раҳбарияти ўз ҳарбий бўлинмаларини тарқатиб юборишни ваъда қилган. ТҚР томонига кўра, отишмалар оқибатида 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлган; расмий Боку ўзининг бир неча ҳарбий хизматчиси ўлими ҳақида хабар берган. Кремл расмийси Дмитрий Песков ҳарбий ҳаракатларни Озарбойжоннинг ички иши деб атаган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!