
2023 йил август ойи глобал об-ҳаво кузатувлари тарихидаги, яъни сўнгги 174 йилдаги энг иссиқ ой бўлди. Бу ҳақда АҚШ Океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси хабарида айтилади.
Қайд этилишича, август ойида сайёрадаги ўртача глобал ҳарорат XX асрдаги ўртача кўрсаткичдан 1,25 даражага юқори бўлган. Шу билан бирга, исиш глобал миқёсда эди: шимолий ярим шарда ёз иссиқроқ, жанубий яримшарда қиш иссиқроқ бўлди.
Буларнинг барчаси бутун дунё бўйлаб бир қатор об-ҳаво офатлари билан бирга қайд этилди. Жумладан, август ойида 19 та йирик пўртана/тўфон/бўрон юз берди.
АҚШ ҳудудида август ойи 3-тоифали «Идалиа» тўфони ва Ҳавайидаги даҳшатли ўрмон ёнғинлари билан эсда қолди. Жанубий Калифорнияда тарихдаги биринчи тропик пўртана содир бўлди.
Олимларнинг таъкидлашича, 2023 йил 2016 йилдан кейин инсоният тарихидаги энг иссиқ ёки иккинчи энг иссиқ йил бўлади. Атмосферага қўшимча иссиқлик чиқарадиган ва ўртача иссиқ йиллар билан боғлиқ бўлган «Эл-Нинё» иқлим шароити шимолий ярим шарда бутун қиш давом этиши кутилмоқда.
«Биз илиқ об-ҳаво 2023 йил охиригача давом этишини кутмоқдамиз. 2024 йил 2023 йилдан ҳам иссиқроқ бўлиши мумкин», деди олимлар.
Аввалроқ, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш «глобал исиш даври тугади, глобал қайнаш даври келди», деди ва жаҳон ҳамжамиятини фалокатга йўл қўймаслик учун иқлим ўзгаришига қарши тезкор ва радикал чоралар кўришга чақирган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!