
S7 Airlines авиакомпанияси самолётлари ҳибсга олиниш хавфи туфайли бир нечта хорижий рейсларни кечиктирди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Аниқлик киритилишича, Россия авиаташувчиси Таиланд, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Ўзбекистонга парвозларини бошқа санага қолдирган. «Авиакомпания Россия расмийларидан айрим халқаро рейсларни амалга ошириш учун рухсат кутмоқда», деди S7 вакили.
Агентлик маълумотларига кўра, Иркутскдан Бангкокка, Новосибирскдан Дубайга ва Москвадан Урганчга парвозлар 30 сентябр куни соат 00:00 гача кечиктирилган. S7 вакилининг қўшимча қилишича, вақти ўзгартирилган рейслар йўловчилари жадвалдаги ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилинади ва зарур хизматлар кўрсатилади.
Аввалроқ «Росавиация» ҳаво транспорти федерал агентлиги маҳаллий авиакомпанияларга Давлат транспорт лизинг компанияси (ДТЛК) самолётларида бошқа мамлакатларга учмасликни тавсия қилган эди. Таъкидланишича, ДТЛК хорижий шуъба корхоналарининг ҳаво кемаларини банкротлик иши доирасида мусодара қилиниши хавфи мавжуд. Бироқ, Туркия ва Беларусга парвозлар учун истиснолар мавжуд.
S7 авиакомпанияси парки фақат хорижда ишлаб чиқарилган Boeing, Airbus, Embraer самолётларидан ташкил топган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!