Россия тинчликпарвар кучларининг Қорабоғдаги миссиясини узайтириш имкониятлари Озарбойжон томони билан муҳокама қилинади. Бу ҳақда журналистларга Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
«Ҳозирча бу саволга кимдир жавоб бериши даргумон, чунки ҳозир гап Озарбойжон ҳудудида жойлашган миссия ҳақида кетмоқда. Бу Озарбойжон томони билан муҳокама мавзуси бўлади», — деди Песков Россия ОАВга.
Шу билан бирга, Песков Боку ва Ереван ўртасида тинчлик шартномасини тузиш масаласининг долзарблигини қайд этди.
«Бу, албатта, долзарб. Бундан ташқари, минтақада транспорт коммуникациялари ва логистикасини ривожлантириш режалари бор. Бу Озарбойжон, Арманистон ва Россия учун жуда муҳим. Умид қиламизки, бу иш давом этади», — деди Песков.
Аввалроқ, 28 сентябр куни Тоғли Қорабоғ республикаси раҳбари Самвел Шаҳраманян сепаратистик режимни тарқатиб юбориш тўғрисидаги «фармон»ни имзолаган эди.
«Фармон»да «2024 йил 1 январгача идоравий бўйсунувдаги барча давлат муассасалари ва ташкилотлари ҳамда «Тоғли Қорабоғ Республикаси» ўз фаолиятини тўхтатади», дейилган.
Бир кун аввал Россия президенти Владимир Путин, Россия мудофаа вазири ўринбосари Юнус-Бек Евкуров ва «Вагнер» собиқ қўмондони Андрей Трошев ўртасида бўлиб ўтган учрашувни шарҳлар экан, Песков учрашув чоғида «махсус ҳарбий операция» иштирокчилари учун барча зарур шароитларни таъминлаш бўйича ишларни ташкил этиш муҳокама қилинганини айтди.
Кремл вакилининг таъкидлашича, «президент ушбу мавзулар бўйича бир неча бор гапирган ва операция барча иштирокчилари, хоҳ улар ҳарбий хизматчилар бўладими, хоҳ у ёки бу таркибдаги кўнгиллилар бўладими, мавжуд бўлган барча ижтимоий имтиёзлардан тенг равишда фойдаланиши кераклигини бир неча бор айтди».
«Бу ишни ташкил қилишни, биринчи навбатда, Мудофаа вазирлиги билан ҳамоҳанглаштириш керак. Айнан шу муносабат билан бугун суҳбат бўлиб ўтди», — дея қўшимча қилди Песков.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!