Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон, Иордания қироли Абдуллоҳ II, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Фаластиннинг WAFA расмий ахборот агентлиги хабар берди.
Хабарга кўра, музокаралар чоғида «Исроил ҳужумларини тўхтатиш имкониятлари» муҳокама қилинган.
Муҳаммад ибн Салмон билан суҳбатда Аббос Ар-Риёдга «ўзгармас позицияси ва Фаластин халқини кучли қўллаб-қувватлагани учун» миннатдорчилик билдирди.
Саудия валиаҳд шаҳзодаси, ўз навбатида, унинг мамлакати «Фаластин халқини қўллаб-қувватлашда ҳамда тинчлик ва барқарорликни тиклаш учун барча зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишда» давом этишига ишонтирди.
Қатар ва Иордания раҳбарлари билан музокаралар чоғида Маҳмуд Аббос «Исроил армиясининг Фаластин шаҳар ва қишлоқларига, биринчи навбатда, Ғазо секторига ҳужумларини тўхтатишга» ҳисса қўшиши мумкин бўлган ҳамкорликнинг ўта муҳимлигини таъкидлади.
Фаластин президенти, шунингдек, Ғазо секторига тиббий ва ҳуманитар ёрдам етказилиши зарурлигини айтиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, «минтақада ўсиб бораётган муаммоларнинг ягона ечими - пойтахти Қуддус бўлган Фаластин давлати ҳудудини Исроил томонидан босиб олинишига барҳам берадиган сиёсий келишув».
Қатар ва Иордания етакчилари минтақадаги вазиятни юмшатиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга, шу мақсадда минтақавий ва халқаро даражада барча манфаатдор томонлар билан алоқаларни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!