Исроил ва ҲАМАС уруши, ўнинчи кун. Сўнгги маълумотлар
ОАВда Ғазо ва Миср чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктини очиш мақсадида секторда ўт очиш вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар тарқалди. Аммо кейинроқ бу маълумот Исроил бош вазири канцелярияси томонидан ҳам, ҲАМАС томонидан ҳам рад этилди.
ЦАҲАЛ Ливан билан чегарадаги 28 та аҳоли яшаш манзиллари аҳолиси эвакуация қилинишини маълум қилди. Исроилнинг шимолий ҳудудлари ушбу мамлакат жанубида ўрнашган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи томонидан ўққа тутилмоқда.
Исроил мудофаа армияси маълумотларига кўра, Ғазо сектори шимолидан жанубга ярим миллион киши қочиб ўтган.
Жо Байден ҲАМАС тўлиқ яксон этилиши лозимлигини маълум қилди. Аммо Исроил Ғазо секторини оккупация қилиши катта хато бўлишидан ҳам огоҳлантирди.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Ғазо секторида 2750 киши ҳалок бўлиб, 9700 дан ортиқ киши яраланган. Исроилда қурбонлар сони камида 1400 киши, яна 2500 киши яраланган.
БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш марказига кўра, Ғазонинг барча шифохоналарида 24 соат ишлаш учун етарли ёнилғи қолган. Захира электр генераторлари фаолияти тўхташи минглаб беморлар ҳаётини хавф остида қолдиради.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроилни Ғазо секторига гуманитар ёрдам карвонларини ўтказишга, ҲАМАСни эса — анклавда гаровда ушлаб турилганларни озод этишга чақирди. «Биз Яқин Шарқдаги жарлик ёқасида турибмиз», деган у.
Аввалига бунинг учун бир кун муҳлат берилганди, аммо шундан буён муҳлат сурилиб келмоқда. БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги маълумотларига кўра, ўтган бир ҳафта ичида Ғазода бир миллион атрофидаги киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Ўз навбатида, Исроил ҳукумати ҳам тарихда илк бор бутун шаҳарни эвакуация қилишга кўрсатма берди. 15 октябр куни расмийлар мамлакат жанубида, Ғазо сектори билан чегарадаги Негев саҳросида жойлашган Сдерот шаҳри аҳолисини хавфсиз ҳудудларга олиб кетишни бошлади. Шаҳарда 30 минг киши яшайди. Аҳолининг учдан икки қисми аллақачон Сдеротни таркэтган.