Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати барча гаровга олинганларни озод қилмаса ва қуролларини ташламаса, Ғазо секторида Исроил мудофаа кучларининг қуруқликдаги операцияси ўтказилиши муқаррар. Бу ҳақда Исроил армиясининг халқаро вакили Жонатан Конрикус ABC телеканалида маълум қилди.
«Агар ҲАМАС Исроил тинч фуқаролари орқасида яширинган жойларидан чиқиб, ҳозир гаровга олинган 212 кишини қайтариб, сўзсиз таслим бўлса, уруш тугайди. <...> Агар улар буни қилмасалар, биз бориб, буни (қуруқликдаги операция) амалга оширишимиз», — деди Исроил вакили.
Бироқ Конрикус қуруқликдаги операция нима учун қолдирилгани ҳақидаги саволга жавоб бермади ва Исроил кучлари «ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилишини» айтиш билан чекланган.
Эслатиб ўтамиз, Исроилдаги уруш 7 октябрдан бери давом этмоқда. ҲАМАС ҳаракати кутилмаганда Исроилни ўққа тутган ва жангарилар мамлакат жанубий ҳудудларига бостириб кириб, одамларни Ғазо секторига асирга олиб кета бошлаган. Сўнгги маълумотларига кўра, ҲАМАС камида 212 кишини гаровда ушлаб турибди.
ҲАМАС Исроил армияси Ғазо секторига ҳаво ҳужумларини тўхтатса, барча тинч аҳоли вакилларини бир соат ичида озод қилишга тайёрлигини билдирди, деб хабар берди NBC ҳаракатнинг юқори мартабали амалдорига таяниб. Шу билан бирга, асирликдаги исроиллик аскарларни озод қилиш эвазига ҲАМАС Исроил қамоқхоналарида сақланаётган барча фаластинликларни озод қилишни талаб қилди.
Исроил расмийлари Ғазо секторида қуруқликдаги операцияга тайёргарлик кўрилаётганини бир неча бор таъкидлаган. 19 октабр куни мамлакат мудофаа вазири бундай буйруқ тез орада эълон қилинишини айтганди. Бироқ Bloomberg нашри АҚШ ва Европа Иттифоқи гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ҲАМАС билан музокараларга вақт ютиш мақсадида ҳарбий операция бошланишини кечиктириш учун Исроилга босим ўтказаётганини ёзганди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг