Москва вилояти, Митишчи туманидаги «Липки-Алексеевское» турар-жой мажмуаси «Дом.рф» аукционида сотиб юборилди. Ўтган асрнинг 30-йилларида Иосиф Сталин томонидан дала ҳовли сифатида фойдаланилган мулк 403,5 миллион рублга (қарийб 53 млрд сўм) сотилган.
Қайд қилинишича, объектни Краснодар ўлкасининг «Консалтинг и право» фирмаси сотиб олган. 2022 йил охирида компаниянинг даромади 23 минг рублни, соф зарари 101 минг рублни ташкил этгани айтилмоқда.
«Липки-Алексеевское» (ёки «Прилипки») турар-жой мажмуаси 38 гектар майдонда жойлашган. Бинонинг умумий майдони қарийб 4 минг кв.м. Мулк минтақа миқёсидаги маданий мерос объекти ҳисобланади. Унинг янги эгаси реставрация ишларини бажариши, сақлаш ва ишлатиш бўйича қонуний талабларга риоя қилиши шарт.
«Прилипки» мулки XIX асрда савдогар ва кейинчалик Москва мэрияси амалдори Александр Алексеев томонидан қурилган. 1907 йилда янги эгаси, фабрикачи Руперти томонидан меъмор Иван Жолтовский лойиҳасига кўра, неоклассик услубда янги бино қурилган. У ҳозирги кунгача сақланиб қолган.
1917 йилдан кейин мулк давлат томонидан мусодара қилинди. Сталин ундан дала ҳовлиси сифатида фойдаланди. Сўнгра кўп йиллар давомида давлат дала ҳовлиси сифатида ишлатилган ва ёпиқ объект бўлган. 1989 йилда у ерда оғир касалликларга чалинган болалар учун реабилитация маркази очилди.
2004 йилда бино реконструкция қилиш учун ёпилди. Реконструкциядан кейин Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Сўнгра уй-жой қурилишини ривожлантириш бўйича ҳукумат комиссияси қарори билан «Дом.рф» бошқарувига ўтказилди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг