Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Қуддус ва яҳудий давлати мероси бўйича вазир Амихай Элияҳунинг ҳукумат йиғилишларидаги иштирокини Ғазо секторига ядровий зарба бериш эҳтимоли ҳақида гапиргач, номаълум муддатга тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда 5 ноябр, якшанба куни Исроил ОАВ хабар берди.
Элияҳу ўша куни Kol Berama радиосига берган интервюсида Ғазо секторида ядровий бомбадан фойдаланиш ҲАМАС ташкилотига қарши уруш пайтида «имкониятлардан бири» эканини айтди. Бу сўзлар Исроилда кенг резонансга сабаб бўлди; бош вазир Нетаняҳу уларни «ҳақиқатдан узоқ» деб атади.
Нетаняҳу Ғазо секторига ядровий зарба бериш эҳтимоли ҳақида
«Исроил ва ЦАҲАЛ тинч аҳолига зарар етказилишининг олдини олиш учун халқаро ҳуқуқнинг энг юқори стандартларига мувофиқ ҳаракат қилади ва биз буни ғалабага қадар давом эттирамиз», деди Нетаняҳу. Исроил мероси ишлари бўйича вазир юзасидан у кейинчалик ўз сўзларини «метафорик» ифодада айтганини таъкидлаб, «бу - мияси бўлган ҳар бир киши учун тушунарли бўлиши керак эди», деб қўшимча қилди.
ҲАМАСнинг Ғазога ядровий ҳужум ҳақидаги мунозарага муносабати
ҲАМАС ташкилоти Элияҳунинг баёнотларига муносабат билдирган ҳолда, Telegram'да бу баёнот «босқинчи нацизм ва геноцид ифодасидир» деб ёзди.
Айни пайтда, The Times of Israel интернет нашри Исроил ҳукуматидаги исмини ошкор этмаган вазирнинг Нетаняҳунинг Элияҳуни мажлислардан четлаштириш ҳақидаги қарори бўйича изоҳини келтирди. У: «бу шунчаки кулгили. Ҳозирда ҳукумат йиғилишлари деярли йўқ ва ишларнинг аксарияти телефон орқали бажариляпти». деган.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 10 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг