Россия президенти Владимир Путин парламент томонидан тасдиқланган давлат раҳбари сайлови тўғрисидаги қонунга ўзгартиришларни имзолади. Ҳужжат 14 ноябр, сешанба куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий порталида эълон қилинди.
Ўзгартиришлар сайлов пайтида ОАВ фаолиятини чеклайди
Тузатишлар сайлов жараёнини мустақил ёритишни янада чеклайди. Хусусан, эндиликда сайлов комиссиялари мажлисларида фақат рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари таҳририятларида расман ишлайдиган журналистлар иштирок этиши мумкин. Бундан ташқари, сайлов участкаларида суратга олиш имконияти чекланган ва барча блокланган ресурсларда ташвиқот олиб бориш тақиқланган.
Агар Россиянинг айрим ҳудудларида ҳарбий ҳолат жорий этилган бўлса, уларда овоз бериш «Марказий сайлов комиссиясининг Мудофаа вазирлиги, «ФСБ» ва тегишли минтақа раҳбари билан маслаҳатлашувлари натижаларига кўра ўтказилиши мумкин». Ҳозирда Россияда ҳарбий ҳолат жорий этилмаган, у фақат қўшни давлатга кириш пайтида Россия томонидан эгаллаб олинган ва унинг қуролли кучлари назорати остидаги Украина ҳудудларида амал қилади.
Давлат думаси қонун лойиҳасини 25 октябрда қабул қилган, ўзгартиришлар эса 8 ноябрда Федерация кенгаши томонидан маъқулланган.
Президентлик сайлови март ойида бўлиб ўтади
Россияда навбатдаги президентлик сайлови 2024 йил 17 мартда бўлиб ўтади. ОАВ хабарига кўра, уларда амалдаги президентнинг рақиби «Яблоко» раҳбари Григорий Явлинский бўлиши мумкин. Бундан ташқари, «Ўнг кучлар иттифоқи» партиясидан Давлат думаси собиқ депутати, 60 ёшли Борис Надеждин уларда иштирок этиш ниятини маълум қилди.
«Медуза» манбаларига кўра, Кремл томонидан сайловларда «мухолифлар» учун қўйилган асосий мезонлардан бири уларнинг ёши бўлиши лозим – улар камида 50 ёшда бўлиши керак. Айни пайтда, Владимир Путин сайловда иштирок этишини ҳали расман эълон қилмади, бироқ унинг матбуот котиби Дмитрий Песков у 80 фоиздан кўпроқ овоз олишига ишонч билдирди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг