АҚШ 6-7 декабр кунлари Украина билан ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича конференция ўтказади. Бу ҳақда 17 ноябр, жума куни АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Эдриенн Уотсон маълум қилди. Тадбирда икки мамлакат ҳукумати ва соҳа вакиллари иштирок этади.
Вашингтонда маълум қилинишича, қўшма ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясининг бошқа шакллари ҳақида сўз юритилади. Оқ уйнинг қўшимча қилишича, конференция Украинанинг эркинлик ва хавфсизлик учун курашини қўллаб-қувватлаш учун қурол ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширишга қаратилган АҚШ ҳаракатларининг бир қисмидир. Форум АҚШнинг Украина иқтисодий тикланишига узоқ муддатли садоқатини яна бир бор тасдиқлайди, деди Уотсон.
Вашингтон - Киевга энг йирик ҳарбий ёрдам етказиб берувчи
АҚШ Россия ҳарбий ҳаракатларига қарши курашда Украинага энг йирик ҳарбий ёрдам етказиб берувчи ҳисобланади. Уруш бошланганидан бери Украинага ажратилган маблағларнинг умумий миқдори 60 миллиард доллардан ошади, аммо бу маблағ нафақат хавфсизлик, балки иқтисодий, молиявий ва гуманитар ёрдамни ҳам ўз ичига олади, деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашида стратегик масалалар бўйича координатор Жон Кирби.
Сентябр ойи охирида Киевда биринчи Халқаро мудофаа саноати форуми бўлиб ўтди. Украина Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, тадбирда 30 мамлакатдан 252 мудофаа корхонаси иштирок этган. Украина президенти Володимир Зеленский сўзларига кўра, Киев учун устувор вазифа замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мудофаа учун ишлаб чиқаришни ривожлантириш, Украинада жаҳон саноати етакчилари билан ҳамкорликда снарядлар, ракеталар ва дронларни ишлаб чиқаришдан иборатдир.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг