Исроил ҳукумати Қатар воситачилигида Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳининг бир неча кунлик сулҳ эвазига 50 нафар исроиллик аёл ва болани озод қилиш таклифини рад этди. Бу ҳақда Исроилнинг Едиот Аҳронот газетаси ёзди.
Исроил ҳарбий кабинети 18 ноябрга ўтар кечаси бўлиб ўтган йиғилишда шундай қарор қабул қилган. Учрашув иштирокчилари гаровга олинган оилаларнинг бир-биридан ажралиши мумкин эмас деб ҳисоблаган. Улар бир оила вакилларининг биргаликда озод қилинишини хоҳламоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, Исроил ҳукумати гаровга олинганларнинг кўроғини озод қилиш эвазига Ғазодаги жанговар ҳаракатларни ҳам узоқ муддатга тўхтатишга тайёр. Исроил расмийларининг қўшимча қилишича, улар гаровга олинган 70-80 кишини озод қилиш бўйича келишувни муҳокама қилишга тайёр.
Аввалроқ, Al-Arabiya телеканали Исроил ва ҲАМАС гаровга олинганларнинг 50 нафарини шунча миқдордаги фаластинлик маҳбуслар билан алмашишга тайёрлигини маълум қилган эди.
Едиот Аҳронот таъкидлаганидек, қатарлик воситачилар сўнгги 24 соат ичида Исроил билан алоқада бўлмаган. Исроил армияси Ғазо секторидаги энг йирик Аш-Шифо шифохонасида операция бошлаганидан сўнг, ҲАМАС вакиллари Қатар билан алоқаларини узган. Ғазодаги гуруҳ раҳбари Яҳё Синварнинг айтишича, Исроил армияси шифохонада ҳарбий операция ўтказаётган бир пайтда у музокара олиб бора олмайди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг