Россия Украинага ҳужум қилаётганда уриб туширилган «Шоҳид» камикадзе дронларидан бирида Украинанинг «Киевстар» оператори сим-картаси топилди. Мутахассислар унинг қандай қилиб дронга тушиб қолгани ва нима учун кераклигини ўрганмоқда. Бу ҳақда Украина Қуролли Кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат маълум қилди.
29 ноябр куни «Україна наживо» телеграм-канали Украинада уриб туширилган Россиянинг дронида «Киевстар» компанияси сим-картаси топилгани ҳақида хабар берди. Америка урушни ўрганиш институти ҳам ушбу хабарга эътибор қаратди. Ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрича, сим-карта россиялик ҳарбийларга «Киевстар» мобил тармоғи орқали дронни кузатиш ва унинг парвоз йўналишини ўзгартириш имконини беради.
«Киевстар» компанияси бундай ҳодисалар такрорланмаслиги учун ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилаётганини билдирди.
«Мутахассислар буни аллақачон ўрганишмоқда. Бироқ, бу ҳақда ҳар доим маълумот бера олмаймиз», деди Украина Қуролли кучлари Ҳарбий ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат.
Унинг сўзларига кўра, мутахассислар россиялик ҳарбийлар Украина сим-картасидан фойдаланиб, интернетга кириш имкониятига эга бўлиши ва дронларни бошқара оладими ёки йўқлигини ўрганмоқда.
Игнатнинг қайд этишича, Россия армияси ўз қурол-яроғларини, жумладан, дронларни такомиллаштирмоқда.
«Хусусан, [россияликлар] уларни аниқлашни қийинлаштириш учун очиқ рангли шоҳидларни қора рангга бўяшмоқда. Аммо ҳаво ҳужумидан мудофаа бундай «модернизация» деб аталадиган нарсага аллақачон мослашмоқда ва бу ўз натижаларини бермоқда», деди Украина Қуролли кучлари вакили.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг