2023 йилда дунёдаги энг бадавлат оила 305 миллиард доллар бойлиги билан Бирлашган Араб Амирликларининг ҳукмрон сулоласи Ол Наҳаён бўлди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Рейтингда иккинчи ўринда Walmart дўконлар тармоғи асосчиси Сэм Уолтон оиласи (259,7 миллиард), учинчи ўринда Hermes ҳашаматли товарлар бренди эгалари Эрмес оиласи (150,9 миллиард) жойлашди.
Улардан кейинги ўринларни 141,9 миллиард доллар бойлик билан Mars брендига эгалик қилувчи Марс оиласи, шунингдек, Қатарнинг ҳукмрон шайхлар ва амирлар сулоласи Ас-Соний (133 миллиард) оиласи эгаллади.
Агентликнинг қайд этишича, айрим оилаларнинг бойиб кетишига нефт соҳасига алоқадорлик сабаб бўлган. Умуман олганда, дунёнинг 25 та энг бадавлат оиласи бир йил ичида 1,5 триллион доллар пул ишлаган, бу 2022 йилдаги энг бадавлат оилалар бойлигидан 43 фоизга кўп.
Шу билан бирга, 2023 йил бошидан бери Россиянинг энг бадавлат кишилари умумий бойлиги 38,5 миллиард долларга ошган. «Лукойл» асосчиси Вагит Алекперов ҳаммадан кўра бойиб кетди. Январдан декабргача унинг бойлиги 9,14 миллиард долларга ошиб, 24,5 миллиард долларга етди. «Интеррос» бошқарув компаниясининг эгаси ва президенти Владимир Потанин Россиянинг энг бой одами бўлиб қолмоқда. Тадбиркор 30,7 миллиард доллар давлати билан россиялик миллиардерлар рейтингида етакчилик қилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг