09:48 / 09.12.2023
137

АҚШ БМТнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюциясини блоклади

АҚШ БМТнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюциясини блоклади
Фото: REUTERS/Mohammed Salem

БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазо секторида гуманитар сабабларга кўра зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги резолюция лойиҳаси яна муваффақиятсизликка учради. 8 декабр, жума куни Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 13 нафари Бирлашган Араб Амирликлари киритган ҳужжат учун овоз берди, бироқ АҚШ унга вето қўйди. БМТ олий органининг 15-аъзоси - Британия бетараф қолди.

Илгари шунга ўхшаш таклифлар Исроилни доимо қўллаб-қувватлаб келган АҚШнинг бундай резолюциялар дипломатик саъй-ҳаракатларга хавф туғдириши мумкинлиги сабабли қаршилик кўрсатиши туфайли муваффақиятсизликка учраган эди.

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш БМТ низомининг 99-моддасига асосланиб, БМТ Хавфсизлик кенгашини гуманитар ўт очишни тўхтатишни қўллаб-қувватлашга чақирган эди. Ушбу модда, БМТга кўра, ўнлаб йиллар давомида қўлланмаган ва бош котибнинг фикрича, халқаро тинчлик ҳамда хавфсизликни сақлашга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай муаммоларни Хавфсизлик кенгаши эътиборига етказиш имконини беради.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 16 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

1 декабргача давом этган вақтинчалик оташкесим доирасида 100 дан ортиқ гаровга олинган шахс қўйиб юборилди, Исроил 240 га яқин фаластинликни қамоқдан озод қилди. Исроил расмийларига кўра, 7 октябр куни асирга олинган яна 138 киши ҲАМАС қўлида қолмоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё