Қирғизистоннинг Норин вилоят суди Қирғизистон фуқароси Бекназар Боругул ўғлини “Вагнер” таркибида Украинадаги урушда қатнашгани учун беш йилга озодликдан маҳрум қилди. 2023 йил 7 декабрь куни чиқарилган ҳукм ҳақида 2024 йил 4 январь куни бўлиб ўтган судда маълум қилинди.

Норин вилоятида яшовчи 27 ёшли фуқаро 2023 йил август ойида Қирғизистонга қайтганидан уч ҳафта ўтиб қўлга олинганди.

Мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарига кўра, ушбу шахсга нисбатан “Қирғизистон Республикаси фуқаросининг хорижий давлат ҳудудидаги қуролли можароларда ёки ҳарбий амалиётларда иштирок этиши ёки теракт содир этишга тайёрланиши” моддаси бўйича иш олиб борилмоқда.

Бу Қирғизистонда Украинадаги урушда қатнашиш бўйича қўзғатилган иккинчи жиноий иш

Тергов маълумотларига кўра, Россияда қамоқ жазосини ўтаётган Бекназар Боругул ўғли маҳбусларни оммавий ёллаш чоғида, 2022 йил 1 ноябрда хусусий ҳарбий компанияга қўшилган. У ерда у “Семиглавый” чақирув белгисини олган ва “Вагнер”нинг бир қатор медаллари, хусусан, Бахмутни қўлга олишдаги иштироки учун мукофот, шунингдек, Россия давлат мукофоти — “Жасорат учун” медали билан тақдирланган.

Қирғизистонда фуқаронинг Украинадаги жанговар ҳаракатлардаги иштироки юзасидан иккинчи марта жиноий иш қўзғатилмоқда. 2023 йилнинг май ойида 31 ёшли Асқар Кубаничбек ўғли 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди, бироқ Олий суд аввалги инстанциялар қарорларини бекор қилиб, ишни туман судига қайта кўриб чиқиш учун юборган.