Ғазо секторидаги уруш пайтида Исроил армияси (ЦАҲАЛ) Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи жангчиларининг атиги 20-30 фоизини йўқ қилишга муваффақ бўлди. Бу шуни англатадики, Исроил шу пайтгача ҲАМАСни йўқ қилиш бўйича ўз олдига қўйган мақсадига эриша олмаган, шунингдек, Ғазо секторини вайроналарга айлантирган бир неча ойлик урушдан кейин гуруҳнинг чидамлилигини намойиш этмоқда, деб ёзади The Wall Street Journal (WSJ) 21 январ, якшанба куни Америка разведка манбаларига таяниб.
АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, ҲАМАСнинг Исроил ва Ғазо секторидаги Исроил аскарларини кўп ойлар давомида нишонга олиш учун етарлича ўқ-дорилари бор. Бундан ташқари, ҲАМАС Ғазо шаҳрининг айрим ҳудудларида полицияни тиклашга ҳаракат қилмоқда.
Исроил расмийлари, шунингдек, Ғазо секторида минглаб тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлган агрессив ҳарбий амалиётга қарамай, Исроил ҲАМАСни йўқ қила олмаганини, унинг жангчилари ҳозирда ўз тактикасини кичик гуруҳларда ҳаракат қилиш ва аскарларни пистирмага олишга мослаштирганини тан олди.
АҚШ уруш бўйича ўз тахминларини ўзгартирди
Айни пайтда, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Ғазо секторидаги уруш бўйича тахминларини ўзгартира бошлади. Оқ уй энди ҲАМАСнинг йўқ қилинишини кутмаяпти, фақат ундан таҳдид камайишини истаяпти, дея қайд этади WSJ. Байден маъмурияти Исроилни ҲАМАС раҳбариятига қарши кўпроқ аниқ мақсадли операцияларга эътибор қаратишга чақирмоқда.
WSJ суҳбатдошларига кўра, ҲАМАСнинг омон қолиши Исроил, Фаластин ҳудудлари ва дунёнинг бошқа қисмларида Исроил армиясининг ўзининг уруш мақсадларига эриша олишига шубҳа уйғотган. ҲАМАС минглаб жангчиларини йўқотган бўлса-да, ҳозир шунчаки урушдан омон қолишга ҳаракат қилмоқда, дейди Исроилнинг юқори мартабали ҳарбий амалдори. «Ғалаба қозониш шарт эмас, мағлуб бўлмаслик кифоя», деб тушунтирди у.
ҲАМАС ва Исроилнинг йўқотишлари
АҚШ ҳисоб-китобларига кўра, урушдан олдин полиция ва бошқа хавфсизлик кучларидан ташқари ҲАМАСда 25 000 дан 30 000 гача жангчи бўлган. Исроил ҳарбийларининг айтишича, уруш бошлангандан бери Ғазо секторида 9 мингга яқин ҳамасчи ўлдирилган. 7 октябр куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми чоғида яна мингга яқин жангчи йўқ қилингани айтилади.
Исроилга кўра, яна 16 мингга яқин ҲАМАС жангчиси яраланган ва ярадорларнинг ярмига яқини хизматга қайта олмайди. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар ярадор бўлган ҳамасчиларнинг сони анча паст ва 10,5 мингдан 11,7 минг кишигача, деб ҳисоблайди, уларнинг кўпчилиги урушни давом эттира олади.
WSJ суҳбатдошлари таъкидлашича, Америка ҳарбий доктринасига кўра, душман шахсий таркибининг 25-30 фоизи йўқолишига олиб келган ҳарбий операция самарасиз деб ҳисобланади. Расмий маълумотларга кўра, Исроил 190 аскарини йўқотган ва 1200 нафари яраланган.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 23 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг