Россияда узоқ муддат давомида турмуш қурган эр ва хотинга пул мукофоти тўлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси Давлат Думасига киритилди.
Қонун лойиҳаси муаллифлари тўловларни турмушнинг йигирманчи йилидан бошлаб белгилашни таклиф қилмоқда. Мисол учун, 20 йиллик никоҳ учун эр-хотин 20 минг рубл (≈2,8 млн сўм), 25 йил учун - 25 минг рубл (≈3,5 млн сўм) олади ва ҳоказо. Максимал миқдор - 70 минг рубл (≈9,8 млн сўм) бўлиб, 70 йиллик никоҳ учун белгиланган.
Россияда доимий яшовчи эр-хотин, агар уларнинг никоҳи бекор қилинмаган бўлса, тўловларни олиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар эр ёки хотин юбилей йилида вафот этган бўлса, унинг беваси тўловни олиши мумкин.
Қонун муаллифлари томонидан тақдим этилган тушунтириш хатида айтилишича, ташаббус «қийин кунларни бошидан кечираётган» никоҳ институтини рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ҳозир узоқ муддатли никоҳ учун тўловлар Россиянинг 19 та минтақасида бор. Хусусан, Санкт-Петербургда никоҳнинг 50 йиллиги муносабати билан 50 минг рубл (≈7 млн сўм) миқдорида тўлов тақдим этилади. Россиянинг айрим ҳудудларида пул ўрнига фахрий ёрлиқ ва медаллар берилади.
Агар янги қонун қабул қилинса, 2024 йил 1 июлдан кучга киради.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг