15:49 / 02.02.2024
206

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими 40 йилга қамалди

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими 40 йилга қамалди
Фото: Wikimedia
1 февраль куни Нью-Йорк суди АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходимини 40 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

CNN маълумотларига кўра, МРБ собиқ ходими Жошуа Шулте Америка разведка агентлиги тарихидаги энг йирик разведка маълумотларини сиздирганликда айбланиб, 40 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У махфий маълумотларни WikiLeaks лойиҳасига узатишда айбланган.

Шулте Марказий разведка бошқармасининг Киберразведка марказида компьютер муҳандиси бўлиб ишлаган ва компьютерлардан яширинча маълумот олишга қодир алгоритмларни ишлаб чиққан. 2015 йилда Шулте ишлаб чиқаётган дастур бошқа пудратчига ўтказилаётгани сабаб у раҳбарият билан низолаша бошлаган. Бир йил ўтгач, Шулте Марказий разведка бошқармасидан қасос олиш учун WikiLeaks лойиҳасига ўзи иштирок этган махфий лойиҳа бўйича манба коди ва бошқа материалларни юборган. Кейин у тизимга кирилганини билдирувчи барча белгиларини яшириб, изларини ёпишга ҳаракат қилган. Шулте 2016 йилнинг ноябрида МРБдан истеъфога чиққан, 2017 йилнинг март ойида у “сизиб кетган” маълумотлар WikiLeaks’да эълон қилинган.

2017 йилнинг августида Шулте дастлаб болалар порнографиясини тарқатишда айбланиб ҳибсга олинганди. Текширув давомида унинг WikiLeaks билан ҳамкорлиги маълум бўлди. Шундан сўнг Шулте Америка расмийларига қарши “ахборот уруши” эълон қилди ва ҳибсга олинганидан кейин интернетда махфий ҳукумат ҳужжатларини нашр этишда давом этди.

Жошуа Шулте Америка тарихидаги энг шафқатсиз ва жирканч жосуслик жиноятларидан бирини амалга ошириб, ўз ватанига хиёнат қилди. У Марказий разведка бошқармасидан ўч олишга уриниши билан миллий хавфсизлигимизга беҳисоб зарар етказди”, — деди федерал прокурор Демен Уильямс.

2022 йилда суд Шултени мамлакат мудофаасига оид маълумотларни ноқонуний йиғиш ва узатишда, 2023 йилда эса болалар порнографиясини сақлаш ва тарқатишда айбдор деб топди. Прокурор Уильямснинг сўзларига кўра, Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходимида болалар порноси тасвирланган “минглаб” видео ва фотосуратлар топилган. У айбловларнинг комбинацияси бўйича ҳукм қилинди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё