date
views 157

Полшада Россия жосуслик тармоғи иши бўйича тинтувлар ўтказилди

Полшада Россия жосуслик тармоғи иши бўйича тинтувлар ўтказилди
Фото: AP
Полша Ички хавфсизлик агентлиги (ABW) ходимлари Россия учун Европа Иттифоқи давлатлари ва органларига қарши қаратилган жосуслик фаолиятига доир тергов доирасида тинтувларни амалга оширди, дея хабар беради агентлик 28 март, пайшанба куни.

«Европа Иттифоқи мамлакатларида россияпараст ташаббуслар ва оммавий ахборот воситалари кампанияларини ташкил этишга қаратилган ҳаракатлар ҳужжатлаштирилган», дейилади Reuters агентлиги томонидан келтирилган ABW баёнотида. Жумладан, унда россияпараст материалларни чоп этгани айтилаётган voice-of-europe.eu интернет портали тилга олинади.

Тармоқнинг мақсади «Полша позициясини заифлаштириш» эди

Россия жосуслик тармоғининг мақсади «Кремл ташқи сиёсий манфаатларини рўёбга чиқариш», жумладан, Полшанинг халқаро майдондаги мавқейини заифлаштириш, Украинани обрўсизлантириш ва Европа Иттифоқи институтлари обрўсига путур етказиш эди, деб тушунтирди ABW вакили AFP’га.

Разведка хизмати маълумотларига кўра, тинтувлар шу ҳафта бошида Варшава ва Полша жанубидаги Тихи шаҳрида бўлиб ўтган. Тинтувлар ҳақида бошқа тафсилотлар берилмаган. Операция бошқа давлатлар, хусусан, Чехия ҳамкорлари билан мувофиқлаштирилган, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ABW хатти-ҳаракатлари жорий йилнинг январ ойида якунланган тергов натижаси бўлиб, унинг давомида Россия разведка хизматлари фойдасига жосусликда гумон қилинган Полша фуқаросига нисбатан айбловлар қўйилган.

Чехияда «Россия таъсири операцияси»

28 март куни Чехия ҳукумати россияпараст Украинанинг «Мухолифат платформаси – Ҳаёт учун» партияси собиқ раҳбари Виктор Медведчукка нисбатан санкциялар жорий қилди. Чехия ҳукумати веб-сайтига кўра, Медведчук «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва эркинлигини бузиш» мақсади билан «Россия Федерациясидан Чехия Республикасидаги Россия таъсири операциясини бошқаради».

Ушбу «операцияни» амалга ошириш учун Медведчук ўзининг яқин ҳамкори Артем Марчевский ишлайдиган Voice of Europe компаниясидан фойдаланади. Худди шу номдаги порталга эгалик қилувчи Voice of Europe ва Марчевский Чехия санкциялари рўйхатига киритилган, дейилади хабарда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Полшада Россия жосуслик тармоғи иши бўйича тинтувлар ўтказилди