19:14 / 10.05.2024
267

Назарбоевнинг куёви Лондондаги қасрини 43,4 млн долларга сотди

Назарбоевнинг куёви Лондондаги қасрини 43,4 млн долларга сотди
Фото: Reuters
Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Кулибаев Лондоннинг Мейфер районидаги уйини 34,7 миллион фунт стерлингга (10 май курси бўйича 43,4 млн доллар) сотди. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.

Уйнинг янги эгаси North Wind Capital инвестиция компанияси ҳисобланади. Компания вакиллари ва Кулибаев жорий йил март ойи охирида тузилган битимга изоҳ беришдан бош тортган. Тимур Кулибаев қўшни уйни ҳам сотишни режалаштирмоқда. Ҳужжатларга кўра, Мейфер ҳудудидаги иккита уй Назарбоевнинг куёви томонидан 2007 йилда мос равишда 25,8 миллион фунт стерлингга (32,2 миллион доллар) ва деярли 12 миллион фунт стерлингга (14,9 миллион доллар) сотиб олинган.

Назарбоевнинг куёви қарийб йигирма йил давомида Букингем саройи яқинидаги қўшни уйларга эгалик қилган. Ҳозиргача Кулибаев сотишга муваффақ бўлган уйлар асосан бўш бўлган.

Ўтган йили қозоғистонлик миллиардер ўзини сотилган уйга эгалик қилувчи Британиянинг Виржиния оролларидаги Merix International Ventures компанияси эгаси сифатида рўйхатдан ўтказган. Бунга Британияда офшор компаниялардан якуний бенефициарини ошкор қилишни талаб қилувчи қонун сабаб бўлган.

Тимур Кулибаев Назарбоевнинг ўртанча қизи Динаранинг турмуш ўртоғи. 2007 йилда офшор компанияси орқали у Беркширдаги Суннингҳиллдаги мулкни ҳозирги қиролнинг укаси шаҳзода Эндрюдан 15 миллион фунт стерлингга сотиб олган.

Times нашрининг ёзишича, Кулибаев Британия Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган компания орқали Гайд-парк яқинидаги 1,5 миллион фунт стерлинглик мулкка ҳам эгалик қилади.

Қозоғистонлик миллиардер Тимур Кулибаев Назарбоевнинг ўртанча қизи Динара билан оила қурган. У Halyk Bank’нинг асосий акциядори, мамлакатдаги иккинчи энг бадавлат инсон. Кулибаев, шунингдек, кўп тармоқли “Кипрос” МЧЖга ва умумий майдони 950 минг квадрат метр бўлган тижорат кўчмас мулкини бошқарувчи Mercury Properties МЧЖдан муайян улушга эгалик қилади.

Кулибаев ҳақида нималар маълум?
2022 йил январь воқеаларидан кейин Кулибаев ҳам собиқ президент оиласининг кўплаб аъзолари сингари бир қатор лавозимларини йўқотди. Хусусан, саккиз йиллик раҳбарликдан сўнг у “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатасини тарк этди, шунингдек, Россиянинг “Газпром” директорлар кенгаши аъзолигидан истеъфога чиқди ва унинг таркибини тарк этди.

Шу билан бирга, Кулибаев Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбари лавозимини сақлаб қолди. Аммо ОАВ аниқлашича, МОҚнинг ўзи спортга ажратилган давлат маблағларини тақсимлашдан четлаштирилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Назарбоевнинг куёви Лондондаги қасрини 43,4 млн долларга сотди