date
views 84

Бразилияда тошқинлар қурбонлари сони 107 кишига етди

Бразилияда тошқинлар қурбонлари сони 107 кишига етди
Фото: AP
Бразилия жанубидаги Риу-Гранди-ду-Сул штатидаги сув тошқини қурбонлари сони 107 кишига етди. Бу ҳақда 10 май, жума куни маҳаллий фуқаро мудофаа хизматига таяниб, Reuters хабар берди. 136 киши ҳамон бедарак йўқолган, 165 мингдан ортиқ инсон сув босган уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Хабарларга кўра, тошқинлар йўллар ва кўприкларни вайрон қилиб, Порту-Алегри шаҳрига киришни тўсиб қўйган. У ерда, Reuters ёзганидек, супермаркетлар жавонлари бўм-бўш, тунда ўғирликлар содир бўляпти.

Риу-Гранди-ду-Сулда сув тошқини апрел охирида бошланган

Бразилиянинг Уругвай билан чегарадош штатида сув тошқини апрел ойи охирида бошланган. Ўшандан бери жабрланганлар ва қурбонлар сони доимий равишда ўсиб бормоқда. Шу тариқа, 4 май куни сув тошқини қурбонлари сони 50 кишидан ошгани хабар қилинган эди. Штат губернатори Эдуарду Лейте сув тошқинларини штат тарихидаги «энг ёмон офат» деб атади.

Юзлаб бразилиялик аскарлар қутқарув ишларида қатнашмоқда

Аввалроқ Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва табиий офат муносабати билан баёнот берган эди. «Бразилия тарихида ҳеч қачон бир жойда бунчалик кўп ёмғир ёғмаган», деди у пойтахт Бразилияда Япония бош вазири Фумио Кисида билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида.

Мамлакат Фуқаро муҳофазаси хизмати маълумотларига кўра, жойларда 2000 дан ортиқ қутқарувчи ишламоқда. Шунингдек, қидирув-қутқарув ишларига 900 дан ортиқ ҳарбий хизматчи, Мудофаа вазирлигининг 9 та самолёти ва 98 та катери жалб этилган.

Анормал иссиқлик ва Тинч океанидаги сув ҳароратининг ўзгариши

Бразилия сўнгги ойларда бир неча бор экстремал об-ҳаво ҳодисалари, жумладан, жазирама ва кучли ёмғирлардан азият чекди. Бундан ташқари, ҳозирги вақтда экстремал об-ҳаво ҳодисалари Эл-Нино иқлим феномени - Тинч океани экваториал камарининг марказий ва шарқий зоналарида сув ҳарорати ўзгариши туфайли кучаймоқда, деб таъкидлайди иқлимшунослар.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бразилияда тошқинлар қурбонлари сони 107 кишига етди