14:17 / 16.06.2024
344

Ростовдаги тергов изоляторида маҳбуслар икки ходимни гаровга олишди

Ростовдаги тергов изоляторида маҳбуслар икки ходимни гаровга олишди
Фото: TASS
Ростов шаҳридаги 1-сонли тергов изоляторида маҳбуслар одамларни гаровга олди. ТАСС хабарига кўра, камида беш нафар айбланувчи (улар орасида террорчиликда айбланганлар ҳам бор) Федерал жазони ижро этиш хизматининг (ФСИН) икки ходимини қўлга олган.

Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, маҳбуслар автомашина ва изоляторни тарк этишга қўйиб беришни талаб қилишмоқда.

Шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, изоляторга олиб борувчи кўчаларда транспорт воситалари ҳаракатланиши тўхтатилган; автомобиллар эгалари ва жамоат транспорти айланма йўлларга йўналтирилган.

1-сонли тергов изолятори – қадимий бино бўлиб, у Ростовнинг қоқ марказида, Горкий ва Киров проспектлари кесишмасида жойлашган.

Федерал жазони ижро этиш хизматининг ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, ҳозирда бошқарма бошлиғи, бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ва прокуратура вакиллари воқеа жойида бўлиб турибди ҳамда гаровдагиларни озод этиш бўйича музокараларда иштирок этишмоқда.

Хабарларга кўра, гаровга олганлар сони беш ёки олти кишидан иборат – уларнинг барчаси олдин ҳам судланганлар ёки «террорчилик» тўғрисидаги моддалар бўйича айбланган. Манбаларга кўра, улар резина дубинкалар, тиғли қуроллар ва ўт ўчирувчиларнинг болталари билан қуролланган.

Агентлик жиноятчилар орасида ИШИДга алоқадор бўлган шахслар ҳам борлигини қўшимча қилган.

Хабар қилишларича, жиноятчилар камерадаги панжараларни синдириб, навбатчилик хонасига киришга муваффақ бўлган, улар бу ерда икки кишини – оператив ходим ҳамда инспектор-назоратчини қўлга олишган.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Ева Меркачеванинг сўзларига кўра, гаровга олинганлар орасида ФСИН ҳудудий бошқармаси оператив бўлим бошлиғи Александр Богма ҳам бор.

«У якшанба куни тергов изоляторида нима қилаётгани тушунарсиз. Эслатиб ўтаман, дам олиш кунлари судга ёки тергов ҳаракатларига, шунингдек адвокат билан ёки яқинлар билан учрашишга ҳам олиб кетилмайди», — дея ёзган у ўз телеграм-каналида.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ТАСС агентлигига берган изоҳида Ростовдаги тергов ҳибсхонасидаги гаровга олиш синчковлик билан тайёрланган ва бу жараён ойлаб давом этган бўлиши мумкин.

«Маҳбуслар турли камераларга жойлашган, аммо улар орасида алоқа бўлган, улар ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришган», - деган агентликка ички ишлар органларининг аноним вакили.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, маҳбусларга ёрдам кўрсатилган. Уларнинг ҳаракати «ташқаридан мувофиқлаштирилгани» тўғрисидаги версия текширилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ростовдаги тергов изоляторида маҳбуслар икки ходимни гаровга олишди