11:50 / 24.06.2024
567

Доғистондаги қуролли ҳужум ҳақида нималар маълум?

Доғистондаги қуролли ҳужум ҳақида нималар маълум?
Коллаж: “Дарё”
Доғистонда 23 июнь куни кечқурун Махачқалъа ва Дарбанд шаҳрида қуролланган номаълум шахслар православ черковлари, синагогалар ва йўл-патрул хизмати постига ҳужум қилди. Оқибатда 15 дан ортиқ полиция ходими ҳалок бўлди, жангарилар эса ўлдирилди. Доғистонда ҳолат юзасидан уч кунлик мотам эълон қилинди.

Республикада жангариларни қўлга олиш ва йўқ қилиш учун аксилтеррор операция режими жорий этилди, ҳар икки шаҳарда кечки пайтгача жанглар давом этди.

Дарбандда жангарилар соат 17:50 атрофида (Тошкент вақти билан 19:50) полициячиларга қарата ўқ узишни бошлаган, шундан сўнг улар синагогага ўтган. Дастлаб ҳужумчилар оқ рангли Volkswagen Polo машинасида қочиб кетгани маълум қилинган. Кейинроқ Ички ишлар вазирлигининг Доғистон бўйича департаменти H075UТ05 давлат рақами бўлган қора Lada Vesta машинасини қидирувга берган.

Тахминан Дарбанд билан бир вақтда Махачқалъанинг Магомедгаджиев кўчасида отишма бошланган, қора кийимдаги жангарилар полиция машиналарига қарата ўт очган. Улар рақамсиз қора машинада ҳам ҳаракатланган.


Кўп ўтмай Махачқалъа синагогасида ёнғин чиққан. Шаҳар раввини қурбонлар йўқлигини айтган. “ТАСС” манбасига кўра, жангарилар хорижий қуролларни, жумладан камида битта ҳужум милтиғини ҳам ишлатган. Шунингдек, улар полициячиларнинг қуроли ва машинасини ҳам қўлга киритган.

Хавфсизлик кучлари ва жангарилар ўртасидаги отишма ярим тунгача давом этган. Махачқалъа ва Дабанднинг турли ҳудудларида отишма овозлари эшитилган.

Махачқалъага кириш ва шаҳардан чиқиш йўллари тўсиб қўйилган. Республика Ички ишлар вазирлиги жангарилар шерикларининг шаҳарни тарк этишига йўл қўймаслик учун шундай чоралар кўрилганини айтган.

Дарбандда ҳарбий техникалар аниқланган, аксилтеррор операциясига Россия гвардияси ва вертолётлар жалб қилинган. Маҳаллий вақт билан 21:00 атрофида шаҳарнинг марказий қисми электр таъминотидан узилган.

Маш Telegram канали Махачқалъадаги православ черковида 40 нафар гаровга олинган қолиб кетгани ҳақида хабар берган. Доғистон Ички ишлар вазирлиги гаровга олинганлар ҳақидаги маълумотни тасдиқламаган ва 19 киши “ўз хавфсизлиги учун” черковда “яширингани”, отишма черков ташқарисида давом этаётганини айтган. Кейинчалик одамлар черковдан олиб чиқилган, уларнинг ҳаёти хавф остида эмас.

Тахминан соат 23:00 да Миллий антитеррор қўмитаси Дарбанддаги аксилтеррор операциясининг фаол босқичи якунлангани ҳақида хабар берган. Ярим тунда Дарбанд сингогасидаги ёнғин ўчирилган.

Қуролли шахслар ҳақида нима маълум?

Аксилтеррор операцияси давомида беш нафар жангари ўлдирилган. Доғистон раҳбари Сергей Меликов эса “олти бандит” йўқ қилинганини айтган. Миллий антитеррор қўмитаси маълумотларига кўра, уч нафар жангари Махачқалъада, икки нафари Дарбандда йўқ қилинган. Ҳужум иштирокчилардан бири Махачқалъа черковидаги отишмада ҳалок бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари версияларидан бирига кўра, жангарилар халқаро террорчилик ташкилоти тарафдорларидир.

Ҳужумчиларнинг ҳаракатлари, қичқириғи ва ташқи кўринишидан келиб чиқадиган бўлсак, улар террорчи ташкилотга мансуб”, — дейди РБК нашри манбаси.

Нашр манбасининг таъкидлашича, бир неча жангари Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базасида ваҳобийлар доиралари билан алоқаси борлиги қайд этилган.

Хавфсизлик кучлари ҳужумлар олдиндан режалаштирилганига ишончи комил ва нишонлар диний объектлар бўлгани бежиз эмас – ҳужум йирик православ байрамида (23 июнь Муқаддас Учлик куни нишонланади) амалга оширилган”.

Фото: “ТАСС”
Ўлдирилган жангарилардан икки нафари Доғистоннинг Сергокалинский тумани раҳбари Магомед Омаровнинг ўғиллари, яна бир жангари эса унинг жияни, дея хабар бермоқда “Интерфакс” Доғистон ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб. Омаров қўлга олинган ва сўроққа олиб кетилган, у лавозимидан истеъфога чиққан. База Telegram каналининг даъво қилишича, беш нафар жангари ҳам Сергокалинский туманида туғилган ва Омаров ўғлининг террорчилик гуруҳига аъзо бўлган.

Расмийлар муносабати

Доғистондаги ҳужумдан кейинги дастлабки аксилтеррор операцияси режими жорий этилди. Тезкор штаб тузилиб, аҳолидан зарурат бўлмаса, кўчага чиқмаслик сўралди. Россия Тергов қўмитаси “теракт” (Жиноят кодексининг 205-моддаси) моддаси бўйича иш қўзғатди.

Доғистон раҳбари Сергей Меликов Дарбанд ва Махачқалъадаги ҳужумларни минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга уриниш деб атади ва фуқароларни хотиржамликка чақирди. Махачқалъа мери Юсуп Умавов фуқароларга мурожаатида терактдан сўнг хавфсизлик кучларининг ҳаракатлари “маълум ноқулайликлар ва чекловлар” келтириб чиқариши мумкинлигини айтган ва буни тушунишни сўради. Доғистон пойтахтидаги кўнгилочар тадбирлар бекор қилинди.

Доғистондан Давлат думаси депутати Абдулҳаким Гаджиев республикадаги ҳужумлар ортида Украина ва НАТО мамлакатлари разведка хизматлари туриши мумкинлигини айтди.

Чунки биз Шимолий ҳарбий округда (урушда) барча жабҳаларда муваффақиятга эришмоқдамиз, демак мамлакатимиз ичидаги вазиятни силкитиш керак”, — деди у “Россия-24” телеканалида.

Гаджиевнинг баёнотига жавобан Запорожье вилояти сенатори Дмитрий Рогозин депутатдан ҳар бир терактни “Украина ва НАТО” билан боғламасликни сўради.

Агар биз миллий ва диний муросасизлик, нафрат ва русофобия билан боғлиқ ҳар бир терактни Украина ва НАТОнинг ҳийла-найранглари билан боғласак, бу бизни катта муаммоларга олиб келади, деб ҳисоблайман”, — деди у.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг айтишича, Доғистонда содир бўлган воқеа “ёвуз провокация ва динлар ўртасида ихтилоф қўзғашга уриниш”га ўхшайди.

Бу қабиҳ жиноятларни содир этганларнинг на иймони, на миллати, на эркаклик қадр-қиммати бор. Уларни жойида йўқ қилиш керак”, — деди республика раҳбари ўзининг Telegram-каналидаги мурожаатида.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев биринчилардан бўлиб россиялик ҳамкасби Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди ва кучишлатар тузилмалари орқали ёрдам таклиф қилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Путинга ҳамдардлик билдирди.
Ўзбекистон етакчиси Доғистондаги террорчилик ҳужумларини қатъий қоралади ҳамда ушбу таҳдидларга қарши курашда тегишли тузилмаларнинг фаол ҳамкорлигини давом эттиришга тайёрлигини билдирди, — дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Доғистондаги қуролли ҳужум ҳақида нималар маълум?
ePN