Доғистонда сайёҳ аёл сакрашдан бош тортганига қарамай баландликдан тушириб юборилди (видео)

Доғистонда сайёҳ аёл сакрашдан бош тортганига қарамай баландликдан тушириб юборилди (видео)

Доғистондаги Сулак дарасида экстремал аттракцион вақтида сайёҳ аёл билан боғлиқ можаро юз берди. 41 ёшли Москва фуқароси тарзан орқали сакрашдан сўнгги лаҳзада қўрқиб, ундан воз кечганига қарамай, инструкторлар уни платформа четига олиб боргани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бу ҳақда MK хабар берди.

Видеода аёл қўрқиб, қаршилик кўрсатаётгани ва сакрашни истамаслигини билдираётгани кўринади. У инструкторлардан уни ташлаб юбормасликни сўрайди. Аёл қаршилик кўрсатиб, ёнидаги эркакдан, турмуш ўртоғидан ёрдам сўрайди. Шунга қарамай, эркаклар уни платформа четига олиб боради. Айрим кадрларда инструкторлардан бири аёлнинг оёғига тепиб, уни четга ўтишга мажбурлагани кўринади. Шундан сўнг платформа механизми ишга тушиб, аёл пастга тушиб кетган.

Энг эътиборлиси, мазкур видео аттракцион ташкилотчилари томонидан реклама мақсадида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилгани хабар қилинган. Бироқ кадрлар фойдаланувчилар орасида кескин норозилик ва танқидларга сабаб бўлган. Кўпчилик сайёҳнинг розилигисиз уни сакрашга мажбурлаш мумкин эмаслигини таъкидлаган.

Видеодаги воқеа юзасидан ҳозирча қўшимча расмий тафсилотлар ва ҳуқуқий баҳо берилгани ҳақида маълумот йўқ.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар