21:07 / 28.06.2024
296

Россияда йил бошидан буён нархларнинг энг кучли ошиши кузатилмоқда

Россияда йил бошидан буён нархларнинг энг кучли ошиши кузатилмоқда
Фото: vedomosti.ru
Рублнинг барқарор курси ҳамда Марказий банкнинг асосий фоиз ставкасини кескин ошириш билан нархларнинг кескин ошишига қарши курашаётганига қарамасдан Россиядаги инфляция тезлашмоқда.

Росстатнинг маълум қилишича, 18 июндан 24 июнгача истеъмол нархлари индекси 0,22 фоизга ошган — бу йил бошидан буён рекорд катталик бўлиб, йиллик ифодада инфляция сўнги 15 ойдаги энг юқори қиймат бўлмиш 8,61 фоизга етган. Озиқ-овқат инфлияцияси амалда икки хонали рақамга айланган: озиқ-овқат маҳсулотлари учун нархларнинг йиллик ўсиши 9,84 фоизга, мева ва сабзавотларга эса 20 фоиздан ошган.

Йил бошидан буён мол гўшти 7,2 фоизга, қўй гўшти 18,8 фоизга, олмалар 29,4 фоизга, карам 35,1 фоизга, сабзи 34 фоизга қимматлашган. Инфляция рекордчиси эса картошка бўлган. Сўнгги ҳафта ичида унинг нархи 7,6 фоизга, йил бошидан буён эса 82,5 фоизга ошган.

Қурилиш материаллари ва авиачипталар нархи ҳам шиддатли ўсмоқда: йил бошидан буён тахта ва тахтадан ясалган плиталар мос равишда 10,7 ва 14,4 фоизга ошган. Самолётларнинг эконом класси авиачипталари эса 23,3 фоизга ошган.

«Инфляция Марказий банк мўлжали ёнидан ўтиб кетмоқда», — деган «Астра FM»нинг инвестициялар бўйича директори Дмитрий Полевой: Ҳали ярим йил бўлмасдан нархлар 3,82 фоизга ошиб бўлди, Марказий банк эса декабр ойига бориб 4,3–4,8 фоиз ошишни тахмин қилаётган эди.

«Бензин нархларининг ўсиши тезлашган айниқса хавотирга солувчи тенденция бўлмоқда», — деган «Алфа-банк» бош иқтисодчиси Наталия Орлова. Росстат маълумотларига кўра, ўтган ҳафта ичида АЁҚШларда нархлар 0,41 фоизга ошган. Бу эса 2023 йилнинг кузидаги ёқилғи кризисидан буён максимал катталик. Украина дронларининг Россиянинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларига берган зарбалари сериясидан сўнг нефтчилар ёқилғи ишлаб чиқариш режасидан ортда қолишмоқда: улар июн ойида ишлаб чиқаришни бор-йўғи 2 фоизга ошира олишган ва нефт базаларида тўпланган захираларни сарфлашмоқда, дейишган «Коммерсант» нашрига вазиятдан хабардор манбалар.

Қимматлашаётган бензин ўз ортидан «товарларнинг кенг доираси»ни тортиб кетиши мумкин, дея хавотирланади Орлова. Бунга жавобан Марказий банк яна асосий ставкани ошириши мумкин, у ҳозир 16 фоиз даражасида ва бу урушнинг дастлабки ойларидан буён максимал даражада, дейишмоқда Росбанк таҳлилчилари. Уларнинг прогнозига кўра, Марказий банкнинг июл ойидаги йиғилишида асосий ставка 18 фоизга кўтарилиши мумкин, инфляция тезлашишда давом этадиган бўлса, 20 фоиз даражасида ҳам белгиланиши эҳтимоли бор.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда йил бошидан буён нархларнинг энг кучли ошиши кузатилмоқда