22:46 / 08.07.2024
156

Кашмирдаги ғалаёнда 2 ҳинд аскари ва 6 исёнчи ҳалок бўлди

Кашмирдаги ғалаёнда 2 ҳинд аскари ва 6 исёнчи ҳалок бўлди
Фото: AFP
Кашмирда Ҳиндистон ҳукуматига қарши кўтарилган ғалаён оқибатида икки нафар ҳиндистонлик аскар ҳамда 6 исёнчи ҳалок бўлган. Бу ҳақда Кашмир полицияси берган маълумотларга асосланиб, Al Jazeera нашри хабар берди.

Полиция хабарига кўра, Ҳиндистон назоратидаги Кашмирнинг иккита ҳудудида қуролли ҳужум юз берган. Исёнчи гуруҳлар ҳинд ҳарбий қисмларига ўқ узган. Ҳозирда Кашмирнинг бутун ҳудуди бўйлаб вазият ёмонлашгани айтилган.

Энг йирик норозилик ҳаракатлари Кулгам туманида рўй берган. Ҳиндистон армияси бу тумандаги ҳаракатларни бостириш учун иккита махсус операция ташкил этган.

Кашмир полицияси бош инспектори Видҳи Кумар Бирди 7 июлда юз берган тартибсизликларда 2 ҳинд аскари ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Айни пайтда Бирди, Модерграм ва Фрисал Чиннигам ҳудудларида ҳукумат ва исёнчилар ўртасида отишмалар давом этаётгани маълум қилинган.

Биз Модерграмдан икки террорчининг, Фрисал Чиннигамдан яна тўрт исёнчининг жасадини олиб чиқдик”, деган полиция инспектори.

Кашмир минтақасида Ҳиндистон ҳукуматига қарши кенг кўламли норозилик ҳаракатлари 1980 йиллар охирида бошланган. Бу эса Нью-Деҳлининг ҳудудда миллий сиёсат юргизишни бошлаши билан боғлиқ. Сўнгги 40 йилдаги терактлар оқибатида Кашмирда 10 минглаб фуқаролар ҳалок бўлгани айтилади.

2019 йилнинг август ойида мамлакат бош вазири Нарендра Моди Кашмирни алоҳида мақомдан маҳрум қилди. Бунинг оқибатида Кашмир автоном ҳуқуқидан ҳам, алоҳида конституциясидан воз кечишига тўғри келди. Бунга жавобан Кашмирдаги мусулмон жамоалар Деҳли ҳукуматини миллатчиликда айблади. Кашмир бўйлаб норозиликлар тўлқини кўтарилди.

Ушбу воқеалардан сўнг Ҳиндистонга қарши кайфият юқори бўлган Кашмирда хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилди. Минтақа деярли тўлиқ ҳарбийлаштирилди.

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирда кўтарилган норозилик намойишлари ва исёнларда мунтазам равишда Покистонни айблаб келади. Исёнчилар Исломободдаги манбалардан пул ва қурол олишини иддао қилади. Покистон бу борадаги ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кашмирдаги ғалаёнда 2 ҳинд аскари ва 6 исёнчи ҳалок бўлди
ePN