23:50 / 08.07.2024
84

Байден демократ конгрессменларга пойгадан чиқмаслигини билдириб хат ёзди

Байден демократ конгрессменларга пойгадан чиқмаслигини билдириб хат ёзди
Фото: AP
АҚШ президенти Жо Байден Трамп билан бўлиб ўтган теледебатларда муваффақиятсиз қатнашганидан сўнг курашдан чиқиш сўраб эътирозлар кўпайганига қарамасдан, Конгрессдаги демократларга партиядан давлат раҳбарлигига номзодликдан бош тортмаслигини билдириб хат ёзди.

The Washington Post нашри томонидан эълон қилинган хатда сайловолди курашини тарк этмаслигининг асосий сабабларидан бири сифатида Байден ўтган праймериз натижаларини келтирган ва унда демократлар тарафдорлари уни қўллашганига ишора қилган.

«Демократик партия сайловчилари овоз беришган. Улар партиядан номзод сифатида мени танлашган. Энди биз бу жараён аҳамиятсиз эди, деймизми? Сайловчилар овоз бериш ҳуқуқига эга эмасми?» — дея савол қўйган Байден.

Ўзининг мурожаатномасида Байден Трамп устидан ғалаба қозониш учун энг мақбул номзод эканлигига «мутлақо ишончи комил» эканини, акс ҳолда номзодини илгари сурмаган бўлишини таъкидлаган. Унинг фикрича, буёғига қандай ҳаракат қилиш тўғрисидаги савол ёпилиши керак.

«Олдимизда турган вазифага нисбатан қатъиятнинг сусайиши ёки аниқлик йўқлиги фақат Трампга ёрдам беради ва бизга зарар келтиради. Биз учун бирлашиш вақти келди, олдинга ягона партия сифатида интилиб, Доналд Трамп устида ғалаба қозонишимиз керак», — дея фикрларини якунлаган Байден.

Бунгача Вакиллар палатасидаги демократлардан бири Financial Times нашрига шу ҳафта ҳал қилувчи бўлишини айтган эди: 9 июл куни Конгресснинг қуйи палатасида демократларнинг йиғилишидан сўнг Байден сайловлардан воз кечишини сўраб туриб олиш масаласига ойдинлик киритилади. Нашр маълумотларига кўра, бунгача Вакиллар палатасининг демократик партиядан етти аъзоси — Жерри Надлер, Адам Смит, Жим Ҳаймс, Марк Такано, Дон Бейер, Жейми Раскин ва Жо Морелл Байденни сайловдан олиш фикри билан чиқиш қилишган эди.

Бу нарса оммага ошкор бўлгач, Вакиллар палатасининг разведка қўмитасидаги бош демократ Ҳаймс X ижтимоий тармоғида «Байден –Ҳаррис» жуфтлигини қўллашини билдириб твит ёзган. Дебатлар барбод бўлгач демократлар тарафдорлари ва партиядаги айрим сиёсатчилар улардан Камала Ҳаррис номзод бўлишини ёқлаб чиқиш қилишган.

Демократлар якуний номзодни август ойида бўлиб ўтадиган қурултой чоғида ҳал қилишади. Аввалроқ Axios портали АҚШнинг собиқ президенти, Барак Обамадан тортиб Конгресс етакчиларигача кўплаб демократлар Байденни курашдан чиқишини исташаётганини ёзган эди. Амалдаги президентнинг ўзи эса демократлар уни қўллаб-қувватлашларига ишончи комил эканини айтган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден демократ конгрессменларга пойгадан чиқмаслигини билдириб хат ёзди
ePN