date
views 126

Олимпиада олдидан минглаб уйсиз мигрантлар Париждан олиб чиқилмоқда

Олимпиада олдидан минглаб уйсиз мигрантлар Париждан олиб чиқилмоқда
Фото: AFP
26 июл куни старт оладиган ёзги олимпиада ўйинлари олдидан Париждан 5 мингга яқин уйсиз мигрантлар бошқа жойларга олиб чиқиб кетилган. Одамларга турар жой ва ижтимоий ёрдам ваъда қилишган, лекин уларнинг кўпчилиги ўзларига нотаниш шаҳарларда кўчаларда қолиб кетган, деб ёзади The New York Times.

Нашр, шунингдек, ҳукумат мулозимининг хатига ҳавола қилмоқда. Унда одамлар Парижда олимпиада очилишидан аввал кўчирилаётгани рўйирост айтилган. Бироқ Франция ҳукумати бундай боғлиқлик йўқлигини расман таъкидламоқда.

Одамлар автобусга солиниб, Лион ва Марсел каби шаҳарларга кўчирилгани айтилмоқда.

Хусусан, нашрнинг ҳукуматдаги манбалари гап ихтиёрий кўчиш ҳақида кетаётгани, бу “Париждаги фавқулодда турар жой етишмаслиги муаммосини юмшатиш мақсадида” амалга оширилаётганини таъкидлаган.

Мигрантларнинг айтишича, ҳукумат уларга турар жой ажратиш ва ижтимоий ёрдам беришни ваъда қилиб, кўчиришган. Уйсизлар мурувват уйларига жойлаштирилгач, уларни бошпана беришга лойиқ ёки йўқлиги текширувдан ўтказилган. Мезонларга тўғри келувчиларга бошпана берилган. Бироқ, нашрнинг ёзишича, бундай бошпанага уйсиз мигрантларнинг фақат 40 фоизи лойиқ кўрилган.

Париж ва унинг ён атрофида Франциядаги уйсизларнинг ярми истиқомат қилади. Уларнинг сони 100 мингга яқин.

Париждан уйсизлар кўчирилаётгани ҳақида бошқа нашрлар, жумладан Франциянинг нашрлари ҳам ёзмоқда.

The Guardian нашрининг ёзишича, полиция пойтахтни фоҳишалар ва наркотик моддаларга ружу қўйганлардан ҳам тозалаган. Париждан жами 13 мингга яқин одам кўчирилган. Гарчи бир йил аввал шаҳар мэри Анн Идалго ҳеч ким кўчишга мажбурланмаслиги ҳақида ваъда берган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимпиада олдидан минглаб уйсиз мигрантлар Париждан олиб чиқилмоқда