18:38 / 13.07.2024
103

Хитой ҳукумати Тайванга қурол савдоси туфайли АҚШга санкция киритди

Хитой ҳукумати Тайванга қурол савдоси туфайли АҚШга санкция киритди
Фото: Хитой Ташқи ишлар вазирлиги
Хитой 12 июль куни Тайванга қурол экспорти сабабли АҚШнинг қатор компаниялари ва расмийларига санкциялар киритди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги хабарига асосланиб, Anadolu маълум қилди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги жума куни махсус баёнот эълон қилган. Унга кўра, Пекин Тайванга қурол етказиб беришда гумонланган АҚШнинг 6 та трансмиллий корпорациясига нисбатан чекловлар киритган.

Санкцияга учраган компаниялар раҳбарлари ва ҳарбий бюджет учун масъул бўлган АҚШнинг қатор олий вакиллари Хитой қора рўйхатига тушган. Уларга Хитой ҳудудига кириш, ҳисобрақамлар очиш тақиқланган.

Пекин АҚШнинг Тайванга қурол савдосини мамлакат ички ишларига қаттиқ аралашув дея баҳолаган. Хитой суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган хатти-ҳаракатни кескин қоралаган.

Хитой томони АҚШни қурол савдоси ортидан қўшма баёнотларга хилоф ҳаракат қилишда айблаган. Вашингтоннинг провокациялари Хитойнинг “Ягона Хитой” тамойилига ҳамда Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасида имзоланган учта қўшма баёнотга зид эканлиги таъкидланган.

Хитой АҚШга қарашли Anduril Corporation, Maritime Tactical Systems, ва Pacific Rim Defense ҳарбий-саноат корхоналари ва уларнинг юқори мартабали раҳбарларига қарши чоралар кўришга қарор қилди”, дейилади Пекиндаги Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Баёнотга кўра, баъзи юқори лавозимли раҳбарларнинг мулклари музлатиб қўйилган. Санкцияга тушган АҚШ расмийларининг Хитой ҳудудига, хусусан, Гонгконг ва Макаога киришига чеклов қўйилган.

Пекин, шунингдек, маҳаллий ташкилотлар ва жисмоний шахсларга Хитой ҳудудида тақиқланган субъектлар билан битимлар тузиш, ҳамкорлик ўрнатишни тақиқлаган.

Маълумот ўрнида, Хитой АҚШ компанияларига олдин ҳам чекловлар киритган. Хусусан, Lockheed Martin ва Raytheon каби АҚШ мудофаа компаниялари Тайванга киришга урингани учун санкциялар рўйхатига тушган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой ҳукумати Тайванга қурол савдоси туфайли АҚШга санкция киритди