10:17 / 03.08.2024
123

Эрдўған: 2024 йилги Олимпиада очилиш маросими ғазабга сабаб бўлди

Эрдўған: 2024 йилги Олимпиада очилиш маросими ғазабга сабаб бўлди
Фото: AP
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Рим папаси Франциск билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Туркия президенти маъмурияти ҳузуридаги алоқа департаменти хабарида айтилади.

Суҳбат чоғида Туркия раҳбари 2024 йилда Парижда бўлиб ўтаётган ёзги Олимпиада ўйинларининг очилиш маросимидаги ахлоқсиз саҳналар норозилик ва салбий реакцияларга сабаб бўлганини таъкидлади.

Туркия давлати раҳбари сўз эркинлиги ва бағрикенглик баҳонасида инсон қадр-қиммати топталаётгани, диний-ахлоқий қадриятлар масхара қилинаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳаракат мусулмонлар учун христиан олами вакилларидан кам ҳақоратли эмас. У бундай тенденцияга жамоавий норозилик билдириш ва ягона позицияни эгаллаш зарурлигини таъкидлади.

Президент Эрдўған инсонларни бирлаштиришни мақсад қилган Олимпиада ўйинлари очилиши чоғида дунё гувоҳ бўлган диний қадриятларга қарши кураш, бузуқ тарғибот ва ахлоқий таназзулнинг огоҳлантирувчи белгиси эканлиги ҳақида огоҳлантирди.

Туркия давлат раҳбари Ғазо секторидаги вазиятга тўхталар экан, Исроилнинг Фаластин эксклавидаги ҳужумлари геноцидга айлангани, минтақада кенг кўламли гуманитар инқироз авж олаётганини таъкидлади.

Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Исроил бир қатор давлатлар томонидан ўзига тақдим этилган дипломатик, иқтисодий ва ҳарбий «соябон» остида фаластинликларга қарши қирғинларни амалга оширмоқда.

Унинг таъкидлашича, яқинда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши ва Ливанга қилинган ҳужум Исроил бутун минтақа, дунё ва инсоният учун хавф туғдираётганини яна бир бор намойиш этди.

Президент Эрдўған «инсоният иттифоқи» мусулмонлар ва насронийлар, айниқса, Фаластинда яшаётганлар тинчлик топиши учун зудлик билан чора кўриши кераклигини таъкидлади.

Рим папаси Франциск Туркия президентига тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва диний қадриятларни масхара қилиш муаммосига нисбатан сезгирлиги учун миннатдорлик билдирди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўған: 2024 йилги Олимпиада очилиш маросими ғазабга сабаб бўлди