20:53 / 05.08.2024
336

Россияда Шойгу жамоасидаги бешинчи генерал ва «Патриот» парки директори қўлга олинди

Россияда Шойгу жамоасидаги бешинчи генерал ва «Патриот» парки директори қўлга олинди
Фото: The Moscow Times
Россия Мудофаа вазирлиги Инновацион ривожланиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари генерал-майор Владимир Шестеров коррупция иши бўйича қўлга олинди. Бу ҳақда мамлакат Тергов қўмитаси хабар берди.

Юқори мартабали офицер «Патриот» боғи ва кўргазма маркази фаолияти учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилишда айбланмоқда. «ТАСС» маълумотларига кўра, ўғирланган маблағлар 40 миллион рублни ташкил этади. Айни вақтда генерални ҳибсга олиш масаласи муҳокама этилмоқда.

Қайд этилишича, Шестеров билан бирга «Патриот» парки директори полковник Вячеслав Ахмедов ҳам ушланган ва у тергов изоляторига юборилган. Шунингдек, ландшафт мажмуанинг бир неча ходими ҳам сўроқ қилинмоқда.

Июль ойида «Патриот»да давлат харидларида талон-торож ҳолатлари юзасидан тергов ўтказилганди. Боғ мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Сергей Шойгу даврида, апрелда миллиардлаб пора олиш бўйича ҳибсга олинган унинг ўринбосари Тимур Иванов раҳбарлиги остида қурилганди. Майдони 3,5 минг гектардан ортиқ мажмуа ҳудудида ҳарбий-ватанпарварлик музейи, тарихий воқеаларни реконструкция қилиш зонаси, шунингдек, Мудофаа вазирлигининг асосий черкови жойлашган. Черковнинг қурилишини ўзига бюджетдан 2 миллиард рубль сарфлангани айтилади.

Шестеров апрель охиридан бери қўлга олинган бешинчи генерал ҳисобланади. 26 июлда Тергов қўмитасининг мудофаа вазири собиқ ўринбосари армия генерали Дмитрий Булгаковга ҳам эътирозлари юзага келгани маълум бўлганди. У қўшинларга қиммат нархда сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериб, 1,3 миллиард рубль зарар етказганликда айбланмоқда. Айни вақтда у «Бутирка» тергов изоляторида сақланяпти.

23 май куни Россия Қуролли Кучлари Алоқа бош бошқармаси бошлиғи — Бош штаб бошлиғи ўринбосари генерал-лейтенант Вадим Шамарин ҳам ҳибсга олинганди. У Пермдаги «Телта» телефон заводи бош директори ва бош бухгалтер Елена Гришинадан 36 миллион рубль миқдорида пора олганликда айбланмоқда.

Май ўрталарида Мудофаа вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Юрий Кузнецов ҳам ушланган. У ҳам пора олишда айбланмоқда. Бундан ташқари, суд 58-армия собиқ қўмондони генерал Иван Поповни ҳам тергов изоляторига юбориш бўйича қарор қарор қабул қилган, бироқ кейинроқ эҳтиёт чораси уй қамоғига алмаштирилган. Тергов версиясига кўра, Попов 1,7 минг тоннадан ортиқ металл маҳсулотларининг ўғирланишида иштирок этган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг