17:00 / 07.08.2024
233

Украин ҳарбийлари чегарадаги жангларда рус аскарларини асир олди (видео)

Украин ҳарбийлари чегарадаги жангларда рус аскарларини асир олди (видео)
Фото: Видеодан кадр
Украинадаги телеграм-каналларда Украина қуролли кучлари Курск области чегарасидаги жанглар вақтида асир олган россиялик ҳарбийлар видеоси жойлаштирилди. Ёзувда — ўзини РФ ҳарбий хизматчилари сифатида таништирган уч киши сўроқ қилиниши акс этган.

Асирга олинганлар орасида — Белгород области Ровенск районидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган 22 ёшли Данил Колесников ва Коми Республикаси Инта шаҳридан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган 21 ёшли Максим Хямяляйнен бор.

«Осторожно, новости» ва «Важние истории» журналистлари ҳарбийларнинг шахсини тасдиқлаган. Улар аскарларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларини топишган ва уларнинг қариндошлари билан гаплашишган. Уларнинг иккиси ҳам 6 август куни жанглар бошланган Курск области Суджанский районидаги позицияларни эгаллаб турган 488-полкида хизмат қилишини айтишган. Уларнинг сўзларига кўра, улар билан бирга сержант ҳам асир тушган. Таниш белгиларига эга бўлмаган учинчи ўзини 44 ёшли Алексей Остробородов деб таништирган. Ўзининг сўзларига кўра, у 17-чегара қўриқлаш баталёнида хизмат қилади.

Ҳарбийлар видеода чегара қўшинларининг позицияларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар тургани, уларнинг вазифаси «ёриб ўтишга йўл қўймаслик» бўлганини айтишган. Ҳарбийлар тасдиқлашича, улар тўрт кун давомида позициялари ўққа тутилаётгани тўғрисида хабар беришган, аммо қўмондонлик уларнинг хабарларини эътиборсиз қолдирган ва уларни «ўз ҳолига ташлаб қўйган». «Бизни унутишди — ўлсанг ўлавер дейишди», — деган асирлардан бири қўмондонликка муносабати тўғрисидаги саволга жавобан. Уларнинг учаласи ҳам украин ҳарбийлари «чегарадан ўтаётганида» асир тушишганини айтишган.

Россиялик ҳарбийлардан айнан қанчаси асирга тушган бўлиши мумкинлиги номаълум. Украинадаги «Кримский ветер» телеграм-канали камида олти асир кузатув остида олиб кетилаётгани видеосини эълон қилган. Дрон орқали олинган бу ёзув қачон ва қаерда тасвирга олингани аниқ эмас. Ким кимни асир олганини ҳам аниқ айтиш қийин. «Кримский ветер» постига кўра, видеода украин ҳарбийлари россиялик ҳарбий асирларни олиб кетмоқда. Бу роликдаги асирларнинг сўроқ қилиниши видеоси ҳозирча пайдо бўлмади.

Россиядаги Z-пабликлардан бири «Два майора» телеграм-канали ҳам россиялик аскарлар асир тушганини тасдиқлаган. «Душман бизнинг асирларимиз иштирокидаги кадрларни тарқатмоқда. Йигитлар тирик, бу эса улар эртами кечми олиб чиқилишини англатади. Уруш. Бунақаси бўлиб туради», — дейилган телеграм-каналда Колесников ва Хямяляйнен сўроқ қилиниши видеосидан скриншот ҳам келтирилган постда.

Z-пабликлар ва Курск областидаги телеграм-каналлар 6 август тонгида Россия-Украина чегарасининг бир қанча участкаларида ҳарбий тўқнашувлар бошлангани ҳақида хабар берганди. Кейинроқ ФХХ ва Россия мудофаа вазирлиги украин ҳарбийлари Курск областида россиялик чегарачиларнинг позицияларига ҳужум қилиб, чегара ҳудудидаги аҳоли яшаш манзилларини ўққа тутаётгани ҳақида маълум қилди. Курск области расмийларига кўра, кун давомида региондаги аҳоли яшаш манзилларига зарбалар оқибатида жами уч киши ҳалок бўлиб, яна 18 киши яраланган.

РФ ҳарбий идорасига кўра, ҳужумда Украина қуролли кучларининг 300 нафар атрофидаги ҳарбийси ва 30 та зирҳли техникаси иштирок этган. Россия томондан чегарага захира кучлар юборилган. Кун охирига келиб РФ мудофаа вазирлиги украин ҳарбийлари «жиддий йўқотишга учраб» чекингани ҳақида маълумот берди, аммо кейинроқ бу хабардан украинлар чекингани ҳақидаги гап йўқ бўлиб қолди.

Украина қуролли кучлари жанглар юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаган. Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қошидаги дезинформацияга қарши курашиш маркази раҳбари, лейтенант Андрей Коваленко россиялик ҳарбийларнинг чегарадаги вазият назорат остида экани ҳақидаги баёнотини ёлғон деб атади. «Россия чегарани назорат қилаётгани йўқ», — деган у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украин ҳарбийлари чегарадаги жангларда рус аскарларини асир олди (видео)