11:13 / 08.08.2024
137

Курск вилоятига Украина аскарлари бостириб кириши оқибатида ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Курск вилоятига Украина аскарлари бостириб кириши оқибатида ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Фото: rbc.ru
Россиянинг Курск вилоятига Украина аскарлари кириб келиши оқибатида вилоят ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда Россия маҳаллий манбаларига таяниб, BBC нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, Россия ҳудудига трансчегаравий ҳужумлар давом этиши расмийларни жиддий чоралар кўришга мажбур қилган. Чегара назорати барбод бўлиши эса вилоят ҳудудида умумий фавқулодда тартиб жорий этишга олиб келган.

Вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов бу ҳаракат душман кучларининг минтақага кириб келиши оқибатларини бартараф этиш учун ниҳоятда зарурлигини айтган. Вилоят ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар якунлангач, фавқулодда тартиб бекор қилиниши ҳамда кучайтирилган назорат тартиби яна чегарага қайтиши маълум қилинган.

Россия расмийларига кўра, ҳужум бошланганидан бери камида беш нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. 31 нафар фуқаро яраланган. Жароҳатланганлардан 6 нафари вояга етмаган болалар ҳисобланади.

Украина махсус контингентининг Россияга ҳужуми 6 август куни кечки пайт бошланган эди. Ўшанда 1000 нафарга яқин украин аскари, 11 та танк ва 20 дан ортиқ зирҳли машина Курск чегарасини кесиб ўтган. Вилоят ҳудудига кирган аскарлар Суджа шаҳрига ҳужумлар ташкил эта бошлаган.

Ҳужум оқибатида чекка қишлоқлар аҳолисини умумий кўчириш бошланган. Маҳаллий ҳукумат аҳолини яшаш ҳудудларидан узоқлашмасликка ва барча оммавий тадбирларни бекор қилишга чақирган.

Курск бўйлаб бир қатор ҳудудларда ҳаво сигналлари ишга туширилган. Минглаб одамлар чегара ҳудудларидан эвакуация қилинган. Вилоятга қўшни ҳудудлардан юзлаб шифокорлар чақирилган. Ҳаво эскадрилияси украин бўлинмаларига қарши операцияга киришган.

7 август куни кечқурун Украина парламенти депутати Алексей Гончаренко Украина армияси Россиядан Украина орқали Европа Иттифоқига табиий газ транзити билан шуғулланувчи йирик газ иншооти бўлмиш Суджа комбинати устидан назорат ўрнатганини айтган. Россия фаол қаршиликка қарамай ҳали ҳам газ иншооти назоратини ўзига қайтара олмаган.

Таҳлилчилар Суджага ҳужум Россия учун стратегик зарба эканини билдиришган. Чунки бу ҳудуддаги газ иншоотлари Европага очиладиган ягона дарвоза ҳисобланади. 2 йиллик урушда Россиянинг асосий даромади газ экспортидан келмоқда. Суджадаги украин қўшинлари суриб чиқарилган тақдирда ҳам уларнинг бутун бошли газ тузилмасини йўқ қилмаслигига кафолат йўқ. Агар бу содир бўлса, Москва ягона мўмай даромадидан маълум муддат айрилиши мумкин.

Биз бутун дунёга кескинлашувдан ёки Путиннинг муносабатидан қўрқмаслик кераклигини кўрсатмоқдамиз. Россиядан ҳозирча ҳеч қандай реакция йўқ. Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта Россиянинг халқаро тан олинган ҳудуди босиб олинди ва Путин ҳеч қандай ядровий зарба бериш билан таҳдид қилолмади”, деган Алексей Гончаренко вазиятга муносабат билдириб.

Россия томони ҳозирда Суджада оғир жанглар кетаётганини билдирган. Курск вилоятига бостириб кирган 1000 кишилик бўлинманинг 100 дан ортиқ аскари аллақачон йўқ қилинган. 215 нафар украин аскари яраланган ва улар Россия ҳудудида бўлгани учун тиббий ёрдам олиш имкониятига эга эмас. Москва ҳукумати Курск ҳудудида тезкор равишда ҳарбий техника жойлаштириш тўғрисида буйруқ берган.

АҚШ ва Ғарб Украинанинг Курскка ҳужуми ҳақида олдиндан ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаганини билдирган. Бу борада Киевнинг режаларини билиш учун АҚШ Давлат департаменти расмийлари зудлик билан Украина раҳбариятига боғланган. Ҳозирда ўрганишлар давом этаётгани хабар қилинган.

Тасдиқланмаган манбаларга кўра, Кремль “Вагнер” бўлинмаларини зудлик билан Курскка ташлаш борасида буйруқ берган. Ҳарбий гуруҳнинг бутун дунёдаги бўлимларига фавқулодда сигнал юборилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Курск вилоятига Украина аскарлари бостириб кириши оқибатида ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилинди