18:50 / 11.08.2024
227

Украинадан кутилмаган юриш: Курск фронтини очишдан мақсад нима?

Украинадан кутилмаган юриш: Курск фронтини очишдан мақсад нима?
РФнинг суверен ҳудудларини эгаллаб туриш Украинага руҳий куч бағишлаш билан бирга, бўлажак музокараларда ўз позициясини кучайтириш имконини беради. Чунки АҚШдаги сайловда Трамп ғалаба қозонган тақдирда, Киев музокаралар столига ўтиришга мажбур бўлиши мумкин. Шу жиҳатдан, ҳозир украинлар учун Курск областида янада илгарилаш эмас, эгалланган ҳудудларда мустаҳкам ўрнашиб олиш муҳимроқ, дейди сиёсатшунос Жаҳонгир Акрамов.

6 август тонгида Украина қўшинлари Суми вилоятидан Россиянинг Курск вилоятига кириб келди ва бир неча кун ичида ўнлаб қишлоқларни эгаллади.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунос Жаҳонгир Акрамовнинг айтишича, мутахассислар бу ҳарбий операцияга тахминан ярим йил тайёргарлик кўрилган деб ҳисобламоқда. Амалиётга 8 та бригада жалб этилгани ҳақида маълумотлар бор, лекин Курскка уларнинг фақат бир қисми кириб борган – захира кучлари операциянинг қандай бўлишига қараб туриб урушга қўшилиши ёки қўшилмаслиги мумкин.

Россия Мудофаа вазирлиги 7 августда украинларнинг 82 та ҳарбий техникаси, 600 га яқин аскари йўқ қилинганини билдирган, лекин бу – бир томоннинг маълумотлари, қолаверса, Россиянинг ҳам йўқотишлари кичик эмас: россиялик ҳарбийларни олиб кетаётган 14 та юк машинасидан иборат колонна Himars ёрдамида йўқ қилингани ҳақидаги видеолар ҳақиқийлигини мустақил экспертлар тасдиқлашмоқда. Қўшинларни бундай колонна усулида ташиш аввал ҳам панд берган ва бу ҳол танқидларга сабаб бўлганди.

Бу ерда Россия томонидан ядровий қурол ишлатилиши масаласига тўхталсак, таҳлилчи бир неча кундан бери бундай хавф кўзга ташланмаётганини айтади. “Бу Киев томонидан ғарбга берилган, Россия Украина учун ядро қуролини қўллай олмайди деган сигнал ҳам бўлди. Ғарб қуролларининг бевосита Россия ҳудудида туриб фойдаланилиши бу қуролларнинг ишлатилиш радиуси кенгайишига хизмат қилиши ҳам мумкин. Бу эса географик кенгайтиришга сабаб бўлиши мумкин”, – дейди у.

Жаҳонгир Акрамовга кўра, Курскка ҳужум психологик нуқтайи назардан ҳам аҳамиятли. Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта хорижий давлат қўшини суверен Россия чегарасини бузиб ўтди. Сиёсий жиҳатдан эса, бу ҳолат бўлажак музокараларда Украинанинг позициясини кучайтиришда қўл келади. Шунинг учун ҳам ҳозир Украина учун асосий вазифа Россиянинг эгалланган ҳудудларини кенгайтириш эмас, балки ҳозирги чизиқларда мустаҳкам ўрнашиб олиш бўлиши мумкин. Чунки эгалланган ҳудудлар қанчалик катталашиб кетса, уларни сақлаб туриш шунчалар қийинлашади.

Таҳлилчи музокаралар ҳақида сўз юритаркан, АҚШдаги сайловларни ёдга олади, чунки республикачилар номзоди Доналд Трамп ҳокимиятга келган тақдирда, у Украинага Россия билан музокаралар столига ўтириши учун босим ўтказиши мумкин. Шундай бўлган тақдирда, Украина ўзининг муайян ҳудудларини қайтариб олиш эвазига эгаллаб турилган рус ҳудудларидан чиқиб кетиши мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинадан кутилмаган юриш: Курск фронтини очишдан мақсад нима?