
Фото: AP / Andy Wong
Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси (BfV) раҳбари ўринбосари Зинан Зелен Telegram платформасини ҳамкорликка тайёр эмасликда айблади. Зелен тегишли позицияни 28 август, чоршанба куни Берлинда билдирди.
Унинг сўзларига кўра, турли доиралар Павел Дуров платформасида мулоқот қилади ва идора «диққат марказида» бўлади. Шу билан бирга, терроризм ёки ўнг экстремизмга қарши курашиш ҳақида гап кетганда, «бошқа платформалардаги каби маълумотлар алмашинуви (Telegram томонидан) йўқ», деб таъкидлайди Зелен.
«Биз Telegram’га саволлар ҳам беряпмиз» ва «жавоблар - чекланган», дея унинг сўзларини келтиради AFP. «Қонунан рухсат этилган» сўровлар доирасида ахборотни жуда тез ва ишончли тақдим этувчи платформалар мавжуд, бироқ Telegram улардан бири эмас, дея қўшимча қилди Зелен.
Немис компанияларига таҳдидлар кучаймоқда
Германия Ички ишлар вазирлиги разведка хизмати бошлиғи ўринбосари, шунингдек, Германияда Россия Федерациясининг Украинага қарши уруши бошланганидан бери онлайн-диверсия, интернетда разведка кампаниялари ва рақамли кузатувлар кўпайганини таъкидлади - нафақат ҳарбийлар, балки сиёсий партиялар ва немис компаниялари бўйича ҳам. BfV ҳамда Bitkom соҳа ассоциацияси томонидан тақдим этилган янги Wirtschaftsschutz 2024 ҳисоботи шуни кўрсатадики, Германиядаги ўнта компаниядан еттитаси кучли таҳдидни ҳис қилади, аналог ва рақамли ҳужумлар қурбони бўлиш эҳтимолини инкор этмайди, деб ёзади WirtschaftsWoche иқтисодий газетаси.
Халқаро можаролар ва тизимли рақобат иқтисодиётдаги хавфсизлик ҳолатига тобора таъсир ўтказмоқда. «Кибержосуслик ва кибержиноят ўртасидаги алоқалар кучайишда давом этмоқда», - дея таъкидлади эксперт ҳисоботни тақдим этар экан. «Бундан ташқари, биз рақамли ва аналог ҳужумлар ўртасида янада яқинроқ алоқани кўрмоқдамиз», деди у.
2023 йил сентябр ойида Bitkom IT-бирлашмаси Германия иқтисодиёти маълумотлар ўғирланишидан 200 миллиард евродан кўпроқ зарар кўргани ҳақида хабар берди. Аксарият киберҳужумлар Россия ва Хитой манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳакерлар томонидан амалга оширилган.
ЕИ Telegram фойдаланувчилар сони камайтириб кўрсатгани эҳтимолини текширмоқда
Еврокомиссиянинг фан ва ахборот хизмати - Қўшма тадқиқот маркази Telegram мессенжери раҳбарияти Европа тартиб-қоидаларига тушиб қолмаслик учун Европа Иттифоқидаги ўз фойдаланувчилари сонини кам кўрсатиши эҳтимолини текширмоқда. Бу ҳақда 28 август куни Financial Times нашри хабар берди.
Феврал ойида Telegram Европа Иттифоқида 41 миллион ойлик фойдаланувчига эга эканлигини маълум қилганди. Европа Иттифоқи қонунларига кўра, мессенжер август ойида янгиланган маълумотларни тақдим этиши керак, бироқ буни қилмади ва Европа Иттифоқидаги ойлик аудиторияси «45 миллиондан сезиларли даражада кам» деган баёнот билан чекланди. Бироқ, Брюссел бундай эмас деб гумон қилмоқда ва текширув белгиланган чегарадан ошиб кетганлигини кўрсатиши мумкин.
Феврал ойида кучга кирган янги Европа Иттифоқининг рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунига (Digital Services Act, DSA) кўра, Европа Иттифоқида ойлик 45 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бўлган онлайн платформалар ва ижтимоий тармоқлар, биринчи навбатда, фойдаланувчилар учун хавфли бўлган ноқонуний контентни модерация қилиши керак, шунингдек, сўров бўйича Европа комиссиясига ўз маълумотларини тақдим этишга мажбур. Мутахассисларнинг тахминича, Telegram раҳбарияти ушбу қоидаларга тушиб қолмаслик учун Европа Иттифоқидаги фойдаланувчилари сонини атайлаб кам кўрсатган, деб ёзади Financial Times. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар