20:00 / 02.09.2024
138

Норвегияда Россия фойдасига жосуслик қилишда гумонланган оқ кит ўлик ҳолда топилди

Норвегияда Россия фойдасига жосуслик қилишда гумонланган оқ кит ўлик ҳолда топилди
Фото: Jorgen Ree Wiig/EPA
Норвегияда Россия тузилмалари томонидан маълумот тўплаш учун фойдаланилгани тахмин қилинган оқ кит ўлик ҳолда топилди. Жонивор беш йил олдин танасига видеокамера ва Санкт-Петербург компаниясининг логотипи маҳкамланган ҳолда Норвегия қирғоқларига сузиб келганди.

Норвегияликлар китга “Ҳвалдимир” лақабини берган — бу “Ҳвал” норвег тилидаги кит сўзи ва Владимир (Россия президенти Владимир Путинга ишора сифатида) исмининг бирлашмаси.

Китнинг ўлими ҳақида унинг ҳаракатларини бир неча йилдан буён кузатиб келаётган Marine Mind жамоат ташкилоти асосчиси Себастян Стренд AFP агентлигига хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, денгиз жониворининг ўлими сабаблари ҳақида ҳозирча бир нарса дейиш қийин, чунки унинг танасида жароҳатлар йўқ.

“Ветеринария институтида жониворнинг жасадини ёриб кўришга тайёргарлик сифатида уни музхонага жойлаштирдик”, — деди Стренд.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, кит жуда ёш нобуд бўлган: у тахминан 15 ёшда эди, китларнинг умр кўриш давомийлиги эса 60 йилгача етиши мумкин.

Китнинг тарихи

Ҳвалдимир 2019 йилнинг апрелида Норвегия қирғоқлари яқинида топилган. Ингёйя ва Ролвсёй ороллари атрофидаги балиқчилар уни қайиқлари ёнидан сузиб ўтаётганда пайқаб қолишган. Бу ноодатий ҳодиса эди, чунки оқ китлар қутб кенгликларидан жанубда бундай узоқ масофада камдан-кам учрайди.

Китнинг танаси камера учун маҳкамлагич вазифасини бажарувчи тасма билан ўралган, унда шунингдек, “Equipment St. Petersburg” (Санкт-Петербург жиҳозлари) деган ёзув мавжуд эди.

Суратларда Петербургнинг “Снаряд” компанияси логотипи ҳам кўзга ташланди. Ўшанда BBC бундай белгилар минглаб нусхада улгуржи ва чакана сотилиши, уларни исталган одам сотиб олиши мумкинлигини маълум қилганди.

Норвегия махфий хизмати воқеани текширишни бошлади ва кит Россия илмий-тадқиқот дастурида иштирок этган бўлиши мумкин, деган хулосага келди.

Норвегиянинг Barents Observer нашри хабар беришича, Россия ҳарбий-денгиз флоти узоқ вақтдан буён денгиз сут эмизувчиларини ҳарбий мақсадларда тайёрлаб келмоқда. Нашр сунъий йўлдош хариталаридан Мурманск вилоятидаги ҳарбий-денгиз базалари яқинида жойлашган ва ҳайвонлар учун сув ости қафаслари деб тахмин қилинган иншоотларни кўрсатган.

Россия ҳарбий зобитлари оқ китларнинг эҳтимолий тадқиқотлардаги ўрни ёки денгиз базаларида аквариумлар мавжудлиги ҳақида бирор марта расмий изоҳ бермаган.

Ўшанда ҳарбий шарҳловчи, истеъфодаги полковник Виктор Баренц Reuters агентлиги билан суҳбатда ундаги маълумотларга кўра, Россия шимолида олимлар оқ китлардан жанговар вазифаларни бажариш учун эмас, балки ахборот тўплаш учун фойдаланишини айтганди.

Қутқарилганидан бир неча кун ўтгач, Ҳвалдимир 11 минг аҳоли истиқомат қиладиган қирғоқ бўйидаги Ҳаммерфест шаҳридан унча узоқ бўлмаган бандаргоҳга жойлаштирилди.

Дастлабки ҳафталарда китнинг мустақил равишда овқатланиши қийин кечди: у ёввойи табиатда яшашга кўникиб қолганди.

Унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун Балиқчилик бошқармаси китни кузатиш дастурини маъқуллади.

Вақт ўтиши билан кит тузалиб, Ҳаммерфест қўлтиғини тарк этди ва мустақил равишда ов қила бошлади.

2019 йил 19 июлдан бошлаб Ҳвалдимирга эркин сузувчи кит мақоми берилди.

Ижтимоий тармоқларда вақти-вақти билан китнинг сайёҳлар билан ўйнаётгани акс этган видеолар тарқаларди. Бундай видеолардан сўнг, одатда интернетда китнинг соғлиғи ҳақида хавотирлар кузатилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Норвегияда Россия фойдасига жосуслик қилишда гумонланган оқ кит ўлик ҳолда топилди