12:10 / 11.09.2024
45

Камала Ҳаррис ва Дональд Трамп илк дебатда нималар деди?

Камала Ҳаррис ва Дональд Трамп илк дебатда нималар деди?
Фото: EPA
АҚШ президентлигига номзодлар Камола Ҳаррис ва Дональд Трамп ўртасидаги илк дебат бўлиб ўтди. Сиёсатчиларнинг теледебати ABC News телеканалида жонли эфирда намойиш этилди.

Дебатнинг биринчи қисми ва АБC бошловчиси Девид Мюр томонидан берилган биринчи савол иқтисодиётга бағишланди.

Америкаликлар тўрт йил олдингидан яхшироқ яшаётганига ишонасизми?” деб сўради у.

Ҳаррис биринчи бўлиб жавоб берди ва “имкониятлар иқтисодиёти”ни яратишни режалаштираётганини айтди. У уй-жой нархи муаммосини ҳал қилишга, ёш оилалар ва кичик бизнесга ёрдам беришга ваъда берди. Трампнинг айтишича, демократлар тўрт йил ичида иқтисодиётни йўқ қилган, Ҳаррис эса Байденнинг иқтисодий дастурини шунчаки кўчирган.

Дональд Трамп бизни Буюк депрессия давридан бери энг ёмон ишсизлик билан қолдирди. Биз (демократлар) қилган барча иш — Дональд Трамп томонидан яратилган тартибсизликни бартараф этишдир”, деди Ҳаррис.

“Шармандали” Трамп ва “марксист” Харрис

Номзодлар бир-бирларини бир неча бор ёлғончиликда айблади. Дебат бошида Ҳаррис томошабинлар Трампдан “ёлғонлар, шикоятлар ва ҳақоратлар тўпламини” эшитишларини айтди.

Фото: CNN
Трамп Камала Ҳаррисни “марксистка” деб атаб, унинг фаолиятини отаси, Стенфорд университетининг собиқ иқтисодчиси иши билан боғлашга уринди.

Агар у қачондир сайланиб қолса, ҳамма нарсани ўзгартириб юборади. Бу мамлакатимиз учун ҳалокатли бўлади. У марксист, буни ҳамма билади. Унинг отаси иқтисод соҳасидаги марксист профессор, ва у қизини яхши ўқитган”, деди Трамп.

Харрис собиқ президентга мурожаат қилиб ва унинг гапларини шарҳлаётиб, “шарманда” сўзини бир неча бор ишлатди.

Жаҳон етакчилари Дональд Трамп устидан кулишмоқда. Мен ҳарбий раҳбарлар билан суҳбатлашдим, уларнинг баъзилари сиз билан ишлаган ва улар сизга шарманда деб таъриф берди”, деди Ҳаррис.

“Путин сизни тушликка ейди”

Реклама танаффусидан сўнг, суҳбат Украинадаги уруш мавзусига ўтди. Трамп уруш тугаши зарурлигини ва бунга эриша олишини таъкидлади. У Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Владимир Зеленскийни яхши танишини билдирди.

Улар мени ҳурмат қилишади, Байденни эса ҳурмат қилишмайди. Нега ҳурмат ҳам қилишсин?”, деди у.
Харрис бунга жавобан Трампга сайловда у Байден билан эмас, балки у билан беллашаётганини эслатиб ўтди.

НАТОдаги иттифоқчиларимиз сиз энди президент эмаслигингиздан жуда миннатдор. Агар Дональд Трамп президент бўлганида, Путин ҳозир Киевда ўтириб, Европанинг қолган қисмига, аввало Польшага кўз тиккан бўларди”, деди у.
Шунингдек, Ҳаррис Россия президентини “Трампни тушликка еб қўядиган диктатор” деб атади.

Фото: Getty Images
Собиқ президент эса Ҳаррисни “тарихдаги энг ёмон вице-президент” деб атади ва у бу лавозимида урушнинг олдини олишга қодир бўлмаганини айтди.

Мен бу урушнинг тўхташини, миллионлаб одамлар ўлмаслигини истайман. Биз Украинага Европадан кўра кўпроқ пул бердик. Агар қарасангиз, рақам жуда катта... Европа тўламайди, биз тўлаяпмиз. Байден Европадан пул талаб қилишга журъат эта олмайди. 250 миллиард, кейин 280 миллиард”, деди Трамп.

У сайловда ғалаба қозонганидан кейин 24 соат ичида Украинани топширади. Агар бизнинг ёрдамимиз бўлмаганда, Путин аллақачон Киевда ўтирган бўларди. Биз Зеленский ва унинг қўшинларига ёрдам берамиз, акс ҳолда Путин қўшинлари Польшада бўлади”, деди Камала Ҳаррис.

Номзодлар яна нималарни муҳокама қилди?

Миграция: Миграция ҳақида гапирар экан, Трамп АҚШда ноқонуний мигрантлар туфайли хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашганини таъкидлади. У бунинг учун айбни Байден — Ҳаррис маъмуриятига тўнкаб, улар мамлакатга “миллионлаб муҳожирлар ва жиноятчиларни” киритганини айтди.

Бизда жиноятчиликнинг янги шакли пайдо бўлди, у мигрантлар жинояти деб аталади ва у ҳеч ким ўйламаган миқёсга эга бўлмоқда”, деди Трамп. Унинг фикрича, АҚШга кучли чегара ва мустаҳкам деворлар керак.

Трампга қарши айбловлар: Калифорниянинг собиқ бош прокурори Ҳаррис, Трампнинг “мигрантлар жиноятлари” ҳақидаги гапига жавобан, унинг жиноий ўтмиши масаласини кўтарди.

Бу сўзлар миллий хавфсизликка қарши жиноятлар, иқтисодий жиноятлар ва сайловларга аралашиш учун таъқиб қилинаётган одам томонидан айтилмоқда”, деди у.

Бунга жавобан собиқ президент ўзига қарши барча ишлар сохта эканини таъкидлади.

Капитолийга ҳужум: Трамп ўтган сайловларда мағлуб бўлганини тан олишдан бош тортди ва 2021 йил 6 январда Капитолийга ҳужум қилганидан ҳеч нарсадан афсусланмаслигини айтди.

Мен деярли 75 миллион овоз олдим, бу ҳар қандай амалдаги президентга қараганда кўпроқ овоз”, деди у.
Шунингдек, Вакиллар палатасининг собиқ спикери Ненси Пелосини Капитолийга ҳужум пайтида хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларда айблади.

Исроилнинг ҲАМАС билан уруши: Ҳаррис ушбу масала бўйича олдинги баёнотларининг баъзиларини такрорлади ва Исроил ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, аммо буни қандай амалга ошириши муҳимлигини айтди.

Бу уруш тугаши керак. У зудлик билан тугатилиши керак”, деди у. Трамп агар у президент бўлганида можаро ҳеч қачон бошланмаслигини билдирди.

Фото: Reuters
У (Ҳаррис) Исроилни ёмон кўради. Агар у президент бўлса, мен Исроил икки йилдан кейин йўқ бўлиб кетишига ишонаман”, деди собиқ президент.

Якуний сўзида Ҳаррис август ойида Демократик партия қурултойида айтган гапларини яна бир бор такрорлади:

Биз ортга қайтмаймиз”. У яна барча америкаликлар учун президентлик қилишни мақсад қилганини таъкидлади. Ҳарриснинг унинг ва Трампнинг Америка ҳақидаги тасаввурлари бир-биридан фарқ қилишини билдирди.

Якуний сўзида Трамп яна Ҳаррисга ташланиб, унинг сиёсий дастури ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини ва вице-президентлик лавозимида тўрт йил давомида гўёки ҳеч нарса қилмаганини таъкидлади.

Сиз америкаликларнинг ишончига сазовор бўлмаган ғояларга ишонасиз. Биз жиддий инқирозга юз тутган мамлакатмиз. Бутун дунё устимиздан кулмоқда”, деди у.

АҚШнинг 78 ёшли собиқ президенти Дональд Трамп июль ойида бўлиб ўтган қурултойда Республикачилар партиясидан расман номзод этиб кўрсатилганди.

АҚШнинг амалдаги вице-президенти 59 ёшли Камала Ҳаррис август ойида Жо Байден сайлов пойгасидан чиққанидан кейин Демократик партиядан президентликка номзод бўлди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Камала Ҳаррис ва Дональд Трамп илк дебатда нималар деди?